Бухорода “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида давлат тилига бағишланган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” (6 жилдлик), “Ўзбек тилининг катта имло луғати”, “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати”, “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”, “Ўзбек тили фразеологик луғати”, “Ўзбек халқ сўзлари”, “Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати”, “Ўзбекистон жой номлари”, “Ўзбек тилининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи”, “Кимё атамаларининг изоҳли луғати” сингари адабиётлар сўз илми соҳаси мутахассислари учун муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Тақдимотда сўзга чиққанлар ушбу китобларнинг ўзбек тили бой луғат базаси билан танишиш, соҳаларга оид атамаларнинг маъносини англаш ва уларни матнда тўғри қўллай олишдаги аҳамияти ҳақида батафсил тўхталди.
[gallery-18768]
–1989 йил расман давлат тили мақомига эришган она тилимиз сўнгги беш йилликда ўзига хос муносиб нуфуз ва қадрга эга бўлиб бормоқда, –дейди вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси А.Рустамов. –Ушбу даврда республикадаги барча иш ҳужжатлари давлат тилида қатъий юритила бошланди. Ташқи ёзув ва рекламалар ёзувида давлат тили талабларига риоя этишда сезиларли ютуқларга эришилди. Она тилимизни илмий жиҳатдан ўрганиш борасида ҳам мингга яқин тадқиқот амалга оширилди. Тилимизнинг бой луғат базаси билан аҳолини кенг таништириш мақсадида сўнгги уч йилда 70 номга яқин луғат тайёрланиб, чоп этилди.
Тақдимот сўнггида фаол иштирокчиларга китоблардан намуналар тақдим этилди.
Тадбирда Вазирлар Макамасининг Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси раиси А.Эминов, ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти аъзоси З.Муқимовалар сўзга чиқди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари