21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун. Халқимиз кейинги йилларда бу санани "Ўзбек тили байрами" куни сифатида кенг нишонламоқда.
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони эрта тонгданоқ юртдошларимиз, турли ташкилотларнинг вакиллари ва ёшлар билан гавжум бўлди.
Бу ерда она тилимизни жаҳон миқёсида улуғлашга катта ҳисса қўшган зот, улуғ шоир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
[gallery-14141]
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирок этди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда она тилимизга бўлган эътибор янгича босқичга чиқди. Тилимиз ривожи йўлида масъул бўлган янги тузилмалар ташкил этилди. Она тили тарғиботига оид нашрлар, луғатларни чоп этиш ишлари янгича босқичга чиқди.
– Ўзбек тили байрами маънавият, миллат, адабиёт байрами сифатида кенг нишонланмоқда, – деди атоқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси Салим Ашур. – Ҳазрат Навоийдек буюк мутафаккир ҳайкали пойига гуллар қўйишдек эзгу анъана она тилимизни тобора қадрлашга ундайди. Бугун турли давлатларда ўзбек тилини ўрганиш марказлари ташкил этилмоқда. Она тилимизни ўрганиш истагидаги чет эллик ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбек тилининг дунё миқёсидаги мавқеи янада ошиб бормоқда.
– Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган бу кунни боболаримиз йиллар мобайнида орзу қилганлар, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Холбўтаев. – Жонажон тилимиз қадим илдизларига эга. Кейинги йилларда унинг тараққиётида янги давр бошланди. Бугун эрта тонгданоқ ушбу муаззам хиёбонга оддий одамларнинг оқиб келиши Ўзбек тили байрами халқимизнинг юрагидан ўрин олган байрамга айланиб бораётганидан далолатдир.
– Она тилимизни ардоқлаш ҳар бир соҳа вакили учун ғоят муҳимдир, – деди Тошкент вилоятидаги 9-мактабнинг "Ватан таянчи" ҳаракати отряди раҳбари Шуҳрат Саидмуродов. – Зеро, она тили миллийлигимиз, ўзлигимиз, давлатчилигимиз рамзидир.
Шу куни Адиблар хиёбонида адабий анжуманлар, сайллар, маърифий гурунглар, байрам тадбирлари кун бўйи давом этди.
Назокат Усмонова, Муродхон Хўжаев (суратлар), ЎзА