“Ўзсаноатқурилишбанк”да тил байрами: миллий ўзликка эҳтиром, давлат тилига эътибор
“Ўзсаноатқурилишбак” Бош офисида “Она тили – миллат руҳи” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, уюшма вакиллари ҳамда банк ходимлари иштирок этди.
Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда она тилимизнинг халқимиз тарихи, миллий ўзлиги, адабий мероси ва давлатчилик анъаналарини асраб-авайлашдаги беқиёс ўрни хусусида сўз юритилди. Буюк аждодларимиз қолдирган маънавий хазина, ўзбек адабиётининг жаҳон тамаддунидаги ўрни ва тилга эҳтиромнинг авлодлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. Банк ходимлари ижросидаги шеърлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.
– Она тилимиз байрамини ҳар йили ўзгача ҳаяжон ва кўтаринки кайфият билан қарши оламиз, – дейди Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Зеро, халқнинг маънавий қудрати, миллий ўзлиги ва тарихий хотираси, аввало, унинг тилида намоён бўлади. Бизнинг бебаҳо бойлигимиз – асрлар оша сайқал топган тилимиз бой адабиётимиз, улуғ устозларимиз ва ўз сўзи, тафаккури билан жаҳон аҳлини ҳайратга солган буюк алломаларимиз билан қадрлидир. Уни асраб-авайлаш ҳар биримиз учун шарафли бурч. Чунки ўз тилини ардоқлаган халқ ўзлигини, тарихини ва маънавий илдизларини асрайди.
Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 20 октябрдаги “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги 437-сон қарори билан ташкилотларда иш юритиш самарадорлигини ошириш, қонунчилик талабларига риоя этиш ва раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.
“Ўзсаноатқурилишбанк”да мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ички меъёрий ҳужжатлар, хизмат ёзишмалари, электрон ҳужжат алмашинуви тизимидаги материаллар, шунингдек, Кузатув кенгаши, акциядорлар ва халқаро ҳамкорлар билан боғлиқ ҳужжатлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштирилмоқда.
Банкнинг реклама ва ахборот материаллари, молиявий маҳсулотлар номлари, мижозларга тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳамда ташқи ёзувларнинг адабий тил меъёрларига мувофиқлигига эътибор кучайтирилган. Шунингдек, банкоматлар, терминаллар, инфокиосклар ва дастурий маҳсулотларда ўзбек тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга аҳамият берилмоқда.
– Давлат тилига ҳурмат – миллий қадриятларимизга эҳтиром ва юксак масъулият ифодаси бўлиб, у кундалик фаолиятимиз, иш юритиш ва мулоқот маданиятимизда намоён бўлиши керак, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раисининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Адҳам Исламов. – Шу боис банкда ҳужжатлар ва ахборот материалларининг адабий тил меъёрларига мувофиқлигини таъминлаш, ходимлар малакасини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, юзга яқин мутахассисимиз давлат тилида иш юритиш бўйича махсус ўқув курсларини тамомлаб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Учрашув савол-жавобларга ҳам бой бўлди. Иштирокчилар рақамли технологиялар ва ижтимоий тармоқларнинг тилимизга таъсири, унинг софлиги ва бойлигини асраш, ёш авлод қалбида она тилига муҳаббат уйғотиш масалалари юзасидан меҳмонларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладилар. Шунингдек, банкнинг рақамли хизматларида ўзбек тилидан равон ва тушунарли фойдаланиш, бу борада адиблар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳақидаги саволларга ҳам жавоб олдилар.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида