Ўзбек олимларининг геном тадқиқотларига бағишланган янги монографияси нашр этилди
Инсон геномини ўрганиш бугунги тиббиётнинг энг муҳим йўналишларидан бири.
Ўзбек олимлари томонидан шу соҳада илмий монографиянинг яратилиши эса биз учун, аввало, ўз популяциямизга хос генетик хусусиятларни чуқурроқ ўрганиш, касалликларга мойиллик омилларини аниқлаш ва келажакда аҳолига мос профилактика ҳамда шахсийлаштирилган тиббиёт ёндашувларини ишлаб чиқиш учун илмий асос яратади.
Муаллифлар Алишер Абдуллаев, Дарья Закирова, Миракбар Ёқубов, Гўзал Абдуллаева ва Шахло Турдикуловалар томонидан яратилган «Бутун геномли ассоциацион тадқиқотлар: методлар, ҳозирги ҳолат ва истиқболлар» номли монографияда GWAS — бутун геном бўйича ассоциацион тадқиқотларни ўтказиш усуллари, маълумотларни таҳлил қилиш ва натижаларни талқин этиш масалалари ёритилган.
Китобнинг муҳим жиҳати — ўзбек популяцияси генетикасига алоҳида боб ажратилгани. Унда генетик вариантларнинг тарқалиши, уларнинг юрак-қон томир ва метаболик касалликлар билан боғлиқлиги каби масалалар кўриб чиқилади.
Бу йўналиш халқаро аҳамиятга ҳам эга. Чунки Марказий Осиё популяцияларининг генетик хусусиятлари глобал геном тадқиқотларида етарлича ўрганилмаган. Ўзбек популяциясига оид тадқиқотларнинг кўпайиши халқаро геном маълумотларини бойитиб, ўзбек олимларининг халқаро илмий ҳамкорликдаги иштирокини кенгайтириш имконини беради.
Нигора Раҳмонова, ЎзА