Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек узуми геном тадқиқотлари янги босқичга кўтарилди

Ўзбекистонда илк бор маҳаллий узум навининг геноми тўлиқ йиғилиб, илмий таҳлил қилинди. Ўзбекистон Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида Паркент узум навининг генетик харитаси тузилди ва у халқаро илмий базага жойлаштирилди. Бу ютуқ миллий узумчилик ва биотехнология соҳасида янги босқични бошлаб берди.

Ўзбекистон узум хонакилаштирилган энг қадимги ҳудудлардан бири бўлиб, асрлар давомида юртимизда узумчилик ўзига хос йўл билан ривожланган. Маҳаллий навлар ширинлиги, хушбўйлиги, йирик меваси ҳамда майиз учун қулайлиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда эса жаҳон бозорида узумга бўлган талаб тубдан ўзгармоқда. Эндиликда маҳсулот нафақат мазали, балки узоқ масофага ташишга чидамли, узоқ сақланадиган, уруғсиз ва сифатини йўқотмайдиган бўлиши лозим.  

Шу боис, республикада узумзорлар майдони кенгайтирилмоқда. Бироқ юқори самарали, иқлимга мос ва экспортбоп навларни яратиш учун маҳаллий узумларнинг генетик имкониятларини чуқур ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.  

Геномика ва биоинформатика маркази мутахассислари 10 та маҳаллий узум навининг генетик хусусиятларини таҳлил қилди. Улардан Паркент нави асосий намуна сифатида танлаб олинди. Тадқиқотлар давомида ушбу навнинг геноми тўлиқ йиғилди ва илмий изоҳланди.  

Энг муҳим натижалардан бири эса  — Паркент узумининг генетик маълумотлари дунёдаги энг йирик илмий платформалардан бири бўлган NCBI (National Center for Biotechnology Information)  

базасига жойлаштирилганидир. Бугунги кунда ушбу базада узум геномининг қарийб 98 фоизи қамраб олинган бўлиб, бу халқаро миқёсда эътироф этилаётган илмий ютуқдир.  

Тадқиқотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фонди кўмагида амалга оширилди. Марказ замонавий NextSeq 2000 янги авлод геномни ўқиш платформаси ҳамда юқори самарали ҳисоблаш кластери билан жиҳозланди.

Ушбу технологик имкониятлар геном тадқиқотларини юқори аниқликда олиб боришга замин яратди.

Мазкур илмий ишлар: ўзбек узум навларининг ноёб генетик бойлигини сақлаб қолиш, иқлим ўзгаришига чидамли, серҳосил ва касалликларга бардошли янги навлар яратиш, халқаро бозорда рақобатбардош маҳсулот етиштириш, селекция ва уруғчилик ишларини илмий асосда ривожлантириш каби устувор йўналишлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.  

Шу билан биргаликда, мазкур тадқиқотлар нафақат узумчилик, балки мамлакатимизда биотехнология ва геномика соҳасининг ривожига ҳам кучли туртки бермоқда.

ЎзР ФА Геномика ва биоинформатика маркази директори Забардаст Бўриевнинг таъкидлашича, Паркент нави Ўзбекистондаги узумлар орасида миллий эталон референс геном яратиш учун энг муносиб номзод ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, ушбу нав асрлар давомида маҳаллий иқлим шароитига мослашиб келган бўлиб, унинг геномида қурғоқчилик, юқори ҳарорат ва кучли қуёш нурларига чидамлиликни таъминловчи ноёб аллеллар сақланган. Олимнинг айтишича, айнан шу хусусиятлар Паркент навини келажак селекция ишлари учун қимматли генетик манбага айлантиради. Шунингдек, у Паркент геномининг тўлиқ ўрганилиши маҳаллий навларни илмий асосда такомиллаштириш, янги, рақобатбардош ва экспортбоп узум навларини яратиш учун мустаҳкам пойдевор бўлишини қайд этади.

Шу билан биргаликда, “Фермерларимиз учун ушбу тадқиқот Ўзбекистонда етиштирилаётган маҳаллий навларни жаҳон бозорига чиқариш ва уларни халқаро миқёсда тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ушбу геном маълумотлари жаҳондаги энг йирик илмий базалардан бирига жойлаштирилган бўлиб, бу орқали миллий навларимизни бутун дунёга танитиш имкони яратилади.

Бу амалиёт янги селекция навларини яратиш жараёнида ҳам жуда катта аҳамият касб этади. Сабаби, Паркент навига миллий референс геном мақоми берилгандан сўнг, айнан шу геном орқали Ўзбекистондаги бошқа маҳаллий навларда қайси генлар жойлашгани ва уларнинг функциялари тез ҳамда аниқ аниқланади. Бу эса селекция ишларини осонлаштириб, илмий жараёнларни жадаллаштиради” дейди, яна у.  

Бир сўз билан айтганда, ўзбек узумининг геноми тўлиқ ўрганилгани миллий илм-фан тарихида муҳим бурилиш нуқтаси бўлди, десак янглишмаймиз. Ушбу ютуқ селекция, экспорт салоҳияти ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади.  

М.Эшмирзаева,  

ЎзА