Жорий йилда шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилмоқда.
Бу каби тадбирлар хорижий давлатларда ҳам ўтказилмоқда. Яқинда (7-8 апрель, 2021 йил) Афғонистон Республикасининг Ҳирот шаҳрида Алишер Навоийга бағишланган конференция ўтказилди. Буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишланган тадбир иштирокчиларига Афғонистон раҳбари Ашраф Ғани ҳам видеомурожаат йўллаб, Мир Алишер Навоий нафақат туркий халқлар, балки форс адабиётида ҳам муҳим ўрин тутувчи сиймоларидан бири экани, бу улуғ зот Афғонистон замининиг ҳам буюк ифтихори эканини дарий, сўнг ўзбек тилида эътироф этди.
Анжуманда Ўзбекистон, Озарбойжон, Қирғизистон, Қозоғистон сингари мамлакатлардан ҳам бир қатор адабиётшунос олимлар иштирок этди. Буюк шоир ҳаёти ва фаолияти ҳақида маърузалар, шоир ғазалларидан намуналар, куй-қўшиқлар тингланди.
- Ҳирот азалдан Шарқ тамаддунининг қадимий бешикларидан бири саналади, - деди Ўзбекистондан борган навоийшунос олим, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов. – Мен ҳам бу улуғ алломанинг она шаҳрини зиёрат қилиш, Навоий мақбарасини кўришни Алишер Навоий ижоди билан шуғулланишни бошлаганим - 40 йилдан бери орзу қилардим. Бугун бу орзуим амалга ошди. Агар тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, афғонистонлик олимлар, маданий марказлар билан ҳам алоқалар ўрнатилса, теран томирларимиз, муштарак меросимизни тадқиқ этишда янги-янги марралар забт этилган бўлар эди.
Таъкидланганидек, буюк ўзбек шоири Алишер Навоий Ҳиротда таваллуд топган, шу ерда темурий султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида яшаб ижод қилган. Ўз даврида Навоий раҳнамолигида Ҳиротда қатор масжиду мадрасалар, таълим ва шифо масканлари бунёд этилган. Ул зотнинг мақбараси ҳам айни шу шаҳарда. Сўнгги йилларда икки мамлакат ҳукумати ҳамкорлигида Алишер Навоий мақбараси қайта тикланди. Ҳозирда унинг атрофида Навоий боғини ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Тадбир иштирокчилари улуғ бобомиз ҳоки мангу қўним топган мақбарани зиёрат қилиб, Навоий руҳига дуо қилди.