Ўзбек миллий маданияти Данияда намойиш этилди
Копенгаген шаҳрида жойлашган Дания техника университетида “Туркий халқлар маданияти кечаси” бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир доирасида ушбу мамлакатда фаолият кўрсатаётган диаспора ташкилотимиз - “Ўзбек ташаббуслари” уюшмаси томонидан “Ўзбекистон маданияти ва санъати” стенд-тақдимоти ҳам ташкил этилди.
Мамлакатимизнинг Стокгольм шаҳридаги элчихонаси ташаббуси билан “Ватандош” жамоатчилик фонди ва “Ҳунарманд” уюшмаси кўмагида уюштирилган кўргазмада маҳаллий жамоатчилик вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар қатнашди.
Кечанинг ижодий қисмида “Ўзбек ташаббуслари” уюшмаси фаоллари Маърифат Акбарова ва Зулфизар Аҳмедова томонидан ўзбек миллий нақшлари асосида чинни-керамика идишларга расм солиш - декоратив керамика бўйича креатив маҳорат дарси ташкил этилди.
– Мана шундай мастер-класс машғулотлари орқали биз данияликларга ўзбек миллий ҳунармандлиги, санъати ва маданиятининг бой, ранг-баранг меросини намойиш этдик, – дейди диаспора фаоллари.
Б.Худойбердиев, ЎзА