Туркияда миллий санъатимиз намойиш этилди
Туркиянинг Сиде шаҳрида X Халқаро мусиқа ва рақс фестивали бўлиб ўтди. Нуфузли халқаро маданий тадбирда 30 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимиз санъаткорлари томонидан тайёрлаган концерт дастури томошабинларга кўтаринки руҳ улашди. Хушовоз хонандалар ижросидаги ажойиб куй-қўшиқлар ва истеъдодли раққосаларнинг ёрқин миллий рақслари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Хусусан, иштирокчилар ўзбек санъатининг нафосати, жозибаси ва ўзига хос анъаналарини ўзида мужассам этган чиқишларни илиқ кутиб олдилар. Миллий кўй-қўшиқлар яна бир бор халқимизнинг бой маданияти ва санъатга бўлган юксак ҳурматини кўрсатди.
Тадбир давомида турли халқларнинг маданияти ва санъати ўзаро уйғунлашиб, дўстлик ва аҳиллик муҳити янада мустаҳкамлашди.
Бу каби тадбирлар халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш ҳамда ижодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишда муҳим роль ўйнайди.
Ораш Акабоев, ЎзА