Ўзбек киносида янги давр ва ижод эркинлиги сари ташланган тарихий қадам
Халқимиз кино санъатини азалдан яхши кўради. Зеро, кинематография бир эмас, бир нечта санъат турини ўзида мужассам этган, юзлаб ижодкорларнинг ҳамкорликдаги меҳнати натижасида яратиладиган ва томошабин қалбидан жой оладиган санъат туридир.
Шўролар даврининг энг мураккаб йилларида ҳам ўзбек киноижодкорлари яратган фильмлар одамлар юрагининг туб-тубидан ўрин олган. Миллий фильмларимизда янграган жумлалар халқ оғзига тушиб, бугунги кунда ҳам ўзаро муомаламизнинг ажралмас қисмига айлангани халқимизнинг кинога бўлган меҳри ва қизиқиши нечоғлиқ баландлигини кўрсатади. Бу, айни пайтда, кино соҳасида ижодкорлар сидқидилдан меҳнат қилгани, миллий кино санъати халқ ҳаёти ва тафаккурида муҳим ўрин эгаллаганидан далолат беради.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз кино ижодкорлари билан учрашуви миллий кинематографиямиз равнақига дахлдор муҳим масалаларни яна бир бор кун тартибига олиб чиққани билан аҳамиятли бўлди. Мулоқот давомида йиллар давомида тўпланиб келган муаммолар, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган омиллар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
– Давлат раҳбари кўтарган масалаларнинг аксарияти биз йиллар давомида гаплашиб келган, кино соҳасидаги ҳар бир ижодкорни қийнаб келган муаммолар эди, – дейди маданият вазирининг биринчи ўринбосари, таниқли кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов. – Энг муҳими, бугун шу масалаларни давлат раҳбарининг ўзлари ташаббус билан ўртага ташлаб, уларнинг ечимига йўл очиб бердилар. Бу ўзгаришлар, аслида, кўп йиллардан буён орзу қилиб келган мақсадларимиз эди.
Дарҳақиқат, Президентнинг киностудияга ташрифи ва кино соҳаси вакиллари билан мулоқоти йиллар давомида йиғилиб қолган тизимли муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари суриш имконини берди. Учрашувда кино ишлаб чиқариш жараёни, молиялаштириш механизмлари, бошқарув тизими, ижодкорлар манфаатлари ва миллий кинонинг келгуси тараққиётига дахлдор бир қатор масалалар юзасидан янги ёндашувлар муҳокама қилинди.
Энг муҳим таклифлардан бири давлат буюртмаси ва давлат харидлари амалиёти ўрнига фильмларни субсидиялаш механизмини жорий этиш масаласидир. Бу шунчаки молиялаштириш тартибини ўзгартириш эмас, балки давлатнинг кино санъатига бўлган муносабатида ҳам янги ёндашувни шакллантиришни назарда тутади.

Маълумки, кино ишлаб чиқариш оддий давлат хариди ёки қурилиш жараёнидан тубдан фарқ қилади. Фильм яратишда ижодий ғоя, режиссёрнинг бадиий қараши, ижодий жамоанинг изланишлари, ўзига хос ечимлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис кино жараёнига стандарт техник топшириқлар ва маъмурий талаблар асосида ёндашиш ижодий имкониятларни чеклаб қўйиши мумкин.
Таклиф этилаётган субсидиялаш механизмининг моҳияти шундаки, давлат фильм яратиш жараёнида бевосита буюртмачи сифатида эмас, балки ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи томон сифатида иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Бунда субсидия қарз ёки харажатнинг бир қисмини ижодкор зиммасига юклаш воситаси эмас, балки кино лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми сифатида қаралмоқда.
Яна бир муҳим масала ижодкорларнинг ортиқча маъмурий жараёнлар ва текширувлар билан овора бўлишини камайтиришдир. Ахир фильм яратиш учун сарфланган куч ва вақтнинг натижаси, энг аввало, экранда намоён бўлиши керак. Ижодкорнинг асосий вазифаси ҳисоботлар билан шуғулланиш эмас, сифатли асар яратишдир.
Кино соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, яна бир муҳим савол кун тартибига чиқади. Нега бугун томошабин қалбига етиб борадиган, уни ўйлантирадиган ва узоқ вақт хотирасида сақланиб қоладиган яхши фильмлар кам?
Бу саволнинг жавобини фақат молиялаштириш ёки ишлаб чиқариш ҳажмидан излаш тўғри эмас. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати ижодий жараёнга бўлган муносабатдир. Йиллар давомида фильмларни давлат буюртмаси асосида яратиш амалиёти шаклланди. Албатта, муайян мавзу ёки тарихий воқеага бағишланган буюртма асосида ҳам яхши фильм яратиш мумкин. Агар таклиф этилган мавзу ижодкорнинг ички эҳтиёжи, бадиий қараши ва мақсадига мос келса, бундай ҳамкорлик самарали натижа беради. Аммо мавзу фақат юқоридан белгиланиб, ижодкорнинг шахсий муносабати ва ички эҳтиёжи эътибордан четда қолса, фильм кўпинча қолипга тушиб қолади. Оқибатда юзаки, сунъий ва томошабин қалбига етиб бормайдиган асарлар пайдо бўлади.
Аслида, ҳақиқий санъаткорни муайян мавзуга мажбуран йўналтириш эмас, унинг ижодий эҳтиёжини англаш ва қўллаб-қувватлаш муҳим. Чунки яхши асар, аввало, ижодкорнинг қалбида туғилади. Унинг учун тайёр схема, олдиндан белгиланган қаҳрамонлар ёки мажбурий ижобий ва салбий образлар керак эмас. Кино бугунги жамиятнинг тирик манзарасини, замондошларимизнинг ҳақиқий қиёфаси ва характерини кўрсата олиши лозим. Одамлар ҳаётда қандай бўлса, экранда ҳам шундай акс этиши, жамиятдаги мураккабликлар, зиддиятлар ва ҳақиқатдан чўчимаслик керак.
– Кинода янгилик, характер бўлиши керак, – дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам. – Бугунги фильмларда жамиятдаги, ҳаётдаги жонли одамларни, замондошларни, уларнинг характерини кўрсатиш зарур. Бундан чўчимаслик керак. Ҳақиқат акс этмаган китоб кимга керак? Ҳақиқат акс этмаган кино кимга керак? Шунинг учун қолиплар, схемалардан қочиш муҳим. Яхши асар ўзи туғилади. У буйруққа қараб ўтирмайди. У дастлаб ижодкорнинг кўнглида туғилади. Шунинг учун яхши фильм яратишда ижодкор биринчи ўринда туради.
Дарҳақиқат, давлат буюртмасидан субсидиялаш механизмига ўтиш таклифи ҳам ижодкорнинг ички эҳтиёжлари ва бадиий қарашларига кенгроқ имконият беришга қаратилган ёндашув сифатида аҳамиятлидир. Чунки яхши асарни буйруқ ёки мажбурий буюртма асосида яратиб бўлмайди. У ижодкорнинг кўнглида пишиб етилади, унинг шахсий изланишлари, ҳаётий кузатувлари ва бадиий жасорати натижасида дунёга келади. Демак, кино санъатининг ривожланиши учун ижодкорга эркинлик бериш, унинг мустақил фикрлаши ва ўз бадиий ечимини топиши учун шароит яратиш муҳим.
Учрашувда Кинематография агентлиги фаолиятини тугатиш ва кино соҳасидаги бошқарув тизимини қайта ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилди. Бу давлат кино санъатини қўллаб-қувватлашдан воз кечмоқда, дегани эмас. Аксинча, муҳокама қилинган таклифлар бошқарувни ихчамлаштириш, ваколатларни аниқ тақсимлаш ва соҳадаги ортиқча маъмурий тўсиқларни камайтиришга қаратилган.
Таклиф этилаётган ёндашувга кўра, кино соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаларини Маданият вазирлиги зиммасига ўтказиш, бунинг учун вазирлик таркибида алоҳида департамент ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Фильмларни саралаш, ишлаб чиқаришга йўналтириш ва ижодий жараёнларни мувофиқлаштириш функцияларини эса «Ўзбекфильм» кинокомпаниясига ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Бундай тақсимотнинг зарурати шундаки, илгари давлат сиёсатини юритиш ва ижодий жараённи ташкил этиш вазифалари бир тизимда жамланган эди. Натижада маъмурий келишувлар, ваколатларнинг такрорланиши ва ташкилотлар ўртасидаги мувофиқлаштириш муаммолари лойиҳаларнинг кечикишига сабаб бўлиши мумкин эди. Таклиф этилаётган янги ёндашув эса кинодаги сиёсатни белгилаш ва уни амалга ошириш жараёнларини бир-биридан ажратиш, масъулият чегараларини аниқлаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга, «Ўзбекфильм»нинг кинокомпания сифатида фаолият юритишига оид таклифлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу, аввало, халқаро кино ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва профессионал алоқаларни кенгайтириш учун ташкилий имконият яратиши мумкин. Зеро, жаҳон кино саноатида давлат сиёсатини юритувчи ташкилот билан фильм ишлаб чиқарувчи кинокомпаниянинг вазифалари бир-биридан фарқ қилади.

«Ўзбекфильм» номининг қайта тикланиши эса алоҳида рамзий маънога эга. Бу ном ўзбек кино санъатининг кўп йиллик тарихи, устоз ижодкорлар меҳнати ва миллий кино мактабининг рамзидир. Киносарой, музей ва фонднинг ҳам ушбу ном билан аталиши ягона миллий брендни шакллантириш йўлидаги муҳим ташаббуслардан биридир. Бу орқали нафақат тарихий ном, балки шу ном билан боғлиқ ижодий мерос ва қадриятларни ҳам асраб-авайлашга эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувда соҳа вакилларининг ижтимоий шароитларини яхшилаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Яқинда реконструкциядан чиққан «Кўҳинур» санаторийсининг «Ўзбекфильм» ихтиёрига берилиши ҳақида эълон қилингани кино устозлари ва ижодкорлар учун муҳим янгилик бўлди. У ерда дам олиш шароитлари билан бир қаторда, кичик кинозал ташкил этиш, ижодий гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш ва янги лойиҳалар устида ишлаш учун зарур имкониятлар яратиш режалаштирилгани ҳам таъкидланди. Бу ташаббус кино соҳасида кўп йиллар меҳнат қилган устозларга бўлган ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодаси сифатида аҳамиятлидир.
Яна бир эътиборли йўналиш киношунослик ва кино танқидчилигини қўллаб-қувватлашдир. Зеро, кино санъатининг ривожланишида мукаммал фильмлар яратилиши билан бирга экран асарларини профессионал таҳлил қиладиган, бадиий ютуқ ва камчиликларни асосли кўрсата оладиган мутахассислар мавжудлиги ҳам муҳим. Шу маънода, киношуносларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида клуб ташкил этиш ташаббуси соҳада профессионал таҳлил ва соғлом танқид муҳитини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.
— Кино соҳасига оид бундай ғоялар ва ислоҳотларнинг илгари сурилиши давлатимиз раҳбарининг соҳа равнақига эътибори, меҳри ва қилаётган ишларимизга бўлган ҳурматини англатади, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Матёқуб Матчонов. – Ишонаманки, бундай эътибордан кейин киночиларнинг давлатимиз раҳбари олдида юзи ёруғ бўлади.
Умуман олганда, кино ижодкорлари билан мулоқотда билдирилган ташаббуслар миллий кино соҳасида фақат ташкилий янгиланишларга эмас, балки бошқарув ва ижод ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқишни кўзда тутиши билан ҳам аҳамиятлидир. Кинони давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, ваколатларни аниқ тақсимлаш, «Ўзбекфильм» брендини ривожлантириш ва ижодкорлар учун янги имкониятлар яратишга доир таклифлар миллий кинематографиянинг келгуси тараққиёти учун муҳим йўналишларни белгилаб беради.
Энг муҳими, соҳа муаммоларининг очиқ муҳокама қилиниши, ижодкорлар фикрига қулоқ тутилиши ва кино санъатининг келажагига дахлдор масалаларга янгича ёндашув шаклланаётганидир. Чунки миллий кинонинг ҳақиқий тараққиёти, аввало, ижодкор эркинлиги, соғлом бошқарув ва сифатли асарлар яратиш учун зарур муҳит мавжудлиги билан белгиланади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири