Ўзбек алифбосидаги ўзгаришлар — муҳокама марказида
Сайхунобод туманида корхона ва ташкилотларнинг кадрлар бўйича менежерлари, иш юритиш ҳамда ижро интизомига масъул ходимлар иштирокида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 21 октябрдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақидаги Қонунининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган янгиликлар ва уларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда туман ҳокимининг маслаҳатчиси Учқунбек Абдуназаров ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш маркази директори Ҳамид Ёдгоров янги алифбо таркиби, ҳарфлар шаклидаги ўзгаришлар ва уларнинг қўлланилиши юзасидан батафсил маълумот бердилар.
Таъкидланганидек, мазкур ислоҳот алифбони тубдан ўзгартириш эмас, балки амалдаги ёзув тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Янги тартибга кўра, аввалги алифбодаги 26 та ҳарф ва учта ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ҳамда битта тутуқ белгисидан иборат алифбо жорий этилади. Жумладан, O‘, G‘, Sh ва Ch шакллари мос равишда Ö, Ğ, Ş ва Ç кўринишида ифодаланади.
Мутахассислар фикрича, бу ўзгаришлар ёзувдаги айрим мураккабликларни бартараф этиш, матнларни компьютерда териш ва қайта ишлаш, ахборотни қидириш ҳамда рақамли платформаларда ўзбек тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Айниқса, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган бугунги даврда ҳарфларнинг аниқ ва ягона график шаклда ифодаланиши матнларни таниш, саралаш ва қайта ишлаш жараёнлари учун муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, тадбирда давлат тилида иш юритиш, расмий ҳужжатларни янги алифбо талабларига мувофиқлаштириш, кўча номлари, пешлавҳалар ва жамоат жойларидаги ёзувларни давлат тили меъёрлари асосида расмийлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири