Такомиллаштирилган янги алифбога ўтиш босқичма-босқич ва ортиқча ташвишларсиз кечади
Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш, унинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, илм-фан, ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли макондаги имкониятларини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
2026 йил 21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунида лотин ёзувига асосланган такомиллаштирилган ўзбек алифбоси билан боғлиқ қонунчилик ўзгартишларининг қабул қилиниши бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Хўш, алифбонинг такомиллаштирилиши қандай аҳамиятга эга? Унинг тарихий асослари, амалий қулайликлари ва бу борадаги келгуси вазифалар нималардан иборат?
Ушбу саволларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бош илмий ходими, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов ЎзА мухбирига берган интервьюсида жавоб берди.
— Лотин алифбосини ўзбек тилига мослаштириш ва унга ўтиш тўғрисидаги дастлабки қонун 1993 йилда қабул қилинган. 1995 йилда эса ушбу қонунни такомиллаштириш зарурати юзага келди. Натижада алифбога қатор ўзгартишлар киритилди. Хусусан, 1995 йилдаги ўзгартишлар асосида айрим товушларни ифодалаш учун иккита ҳарфдан иборат бирикмалар жорий этилди. Бу эса алифбодаги баъзи ҳарфларнинг ёзилиши ва қўлланишида муайян мураккабликларни келтириб чиқарди.

Шу сабабли мазкур ҳарф бирикмаларидан воз кечиш, уларни битта ҳарф билан ифодалаш борасида таклифлар илгари сурила бошланди. Бу масала кўп муҳокама қилинди, турли қарашлар билдирилди, жамоатчилик фикри ўрганилди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда муҳокамалар ташкил этилди. Институтимизда ҳам ушбу масалага бағишланган бир неча йиғилиш ўтказилди. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида семинарлар, муҳокама ва мунозаралар ташкил қилинди.
Ана шу муҳокамалар натижасида алифбога тегишли ўзгартишлар киритиш зарур, деган хулосага келинди. Аввало, шуни таъкидлаш керакки, лотин алифбоси дунёда энг кенг тарқалган ёзув тизимларидан биридир. Унинг халқаро миқёсда кенг қўлланиши ва рақамли технологиялар билан уйғунлиги муҳим афзалликларидан ҳисобланади. Ўзбек жадидлари ҳам лотин алифбосига ўтиш масаласини жиддий муҳокама қилган. 1926 йилда Бокуда Бутуниттифоқ туркийшунослик қурултойи бўлиб ўтган ва унда лотинлаштириш масаласи атрофлича кўриб чиқилган. Кўплаб муҳокама ва мунозаралардан сўнг 1929 йилда лотин алифбоси қабул қилинган.
Ўша даврдаги алифбода ҳам ҳозирги ўзгартишларга ўхшаш жиҳатлар мавжуд эди. Масалан, «ш» ва «ч» товушлари алоҳида диакритик белгилар ёрдамида битта ҳарф орқали ифодаланган. Бу жиҳатдан жадидлар ишлаб чиққан алифбо тажрибаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. 1940 йилгача ушбу алифбодан фойдаланилган, кейин эса кирилл ёзувига ўтилган.
Энди амалдаги алифбода мавжуд икки ҳарфли бирикмаларнинг камчиликларига тўхталсак. Бир товушни иккита ҳарф билан ифодалаш, аввало, ортиқча мураккаблик туғдиради, чунки битта ҳарф билан ифодалаш мумкин бўлган товуш учун иккита ҳарфдан фойдаланишга тўғри келади.
Айрим хорижий тилларда, жумладан, инглиз ва бошқа Европа тилларида ҳам бир товушни икки ҳарф билан ифодалаш ҳолатлари учрайди. Бироқ бундай тажрибани ўзбек тилига татбиқ этиш ҳар доим ҳам кутилган самарани бермайди. Биринчидан, бундай ёзув кўпроқ жой эгаллайди. Иккинчидан, ўқиш ва ўргатиш жараёнида муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради. Учинчидан, компьютер ва рақамли технологиялардан фойдаланишда ҳам ортиқча амалларни талаб қилади. Масалан, компьютер клавиатурасида битта товушни ифодалаш учун камида иккита тугмани босишга тўғри келади. Бу эса ортиқча ҳаракат ва вақт сарфига сабаб бўлади. Бундан ташқари, айрим ҳарфлар устига қўйиладиган диакритик белгиларни компьютерда киритиш ҳам муайян ноқулайликлар туғдириши мумкин.
Рақамли технологияларда матнларни қайта ишлаш, автоматик таҳрирлаш ва бошқа ахборот тизимлари билан маълумот алмашиш жараёнларида ҳам белгиларни киритиш ва уларни бир хилда акс эттириш билан боғлиқ техник масалалар юзага келиши мумкин. Шунинг учун алифбодаги тўртта ҳарфни такомиллаштириш, яъни иккита ҳарфдан иборат бирикмаларни битта ҳарф билан ифодалаш ва диакритик белгилар шаклини ўзгартириш таклиф этилди.
Бунда жадидлар таклиф этган алифбодаги тажрибадан ҳам фойдаланилди. Жумладан, янги алифбода «ў» ва «ғ» товушларини ифодалаш учун ҳарф устига қўйиладиган белгилар назарда тутилди. Шунингдек, «ш» ва «ч» товушларини ҳам алоҳида ҳарфлар билан ифодалаш кўзда тутилди. Бу ўзгартишлар ёзувни соддалаштириш, унинг амалиётда қўлланишини қулайлаштириш ва рақамли технологияларга мослаштиришга хизмат қилади.
— Маълумки, такомиллаштирилган алифбо олти ой ўтгач кучга киради. Бу жараён қандай ташкил этилади? Аҳоли, хусусан, ўқитувчилар янги алифбога қандай тайёрланади?
— Олти ойлик ўтиш муддати 2027 йил апрель ойида якунланади. Ҳозирнинг ўзида малака ошириш институтлари ва тегишли ташкилотлар томонидан янги алифбонинг ўзига хос хусусиятларини ўргатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўқитувчилар ва таълим соҳаси вакиллари учун махсус ўқув дастурлари ишлаб чиқилган. Бир ҳафталик ёки ўн кунлик ўқув курслари ташкил этилиб, уларда педагогларни янги алифбодан фойдаланишга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, қонунда ўтиш даври билан боғлиқ муҳим жиҳатлар ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, пул, қимматли қоғозлар, паспорт, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқа расмий ҳужжатларни олти ойдан кейин мажбурий равишда алмаштириш талаб этилмайди. Улар амал қилиш муддати тугагунига қадар ўз кучида қолади. Жумладан, фуқаро паспортининг амал қилиш муддати тугагач, янги паспорт расмийлаштирилади ва унда янги алифбодан фойдаланилади. Худди шу тартиб пул ва бошқа ҳужжатларга ҳам тааллуқли. Яъни улар белгиланган муддат ва заруратга қараб босқичма-босқич янгиланади.
Дарсликлар масаласига келсак, бу борада ҳам алоҳида қийинчиликлар кутилмайди. Чунки дарсликлар таълим тизимида муайян даврийлик асосида қайта нашр этиб келинади. Масалан, бошланғич, айниқса, биринчи синф дарсликлари ҳар йили янгиланади. Бошқа синфлар учун дарсликлар эса икки, уч ёки тўрт йилда бир марта қайта нашр қилиниши мумкин.
Шу боис ўтиш жараёнида дарсликлар ҳам навбатдаги нашри давомида янги алифбога мослаштирилади. Дастлаб биринчи синф дарсликлари янгиланган алифбода нашр этила бошлайди, кейинги йилларда эса бешинчи, олтинчи, еттинчи ва бошқа синфлар дарсликлари ҳам навбатдаги нашр жараёнида янги алифбога ўтказилади. Албатта, бу жараённи самарали йўлга қўйиш учун тегишли ташкилий ва молиявий чора-тадбирлар зарур. Дарсликларнинг режали қайта нашр этилишидан фойдаланиш эса ўтиш жараёнини босқичма-босқич амалга ошириш имконини беради.
Ушбу масалалар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида ҳам атрофлича кўриб чиқилган. Ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида таҳлил ўтказилиб, уларни амалга ошириш тартиби белгилаб берилган.
— Демак, бундан кейин бадиий адабиётлар ва бошқа китоблар ҳам янги алифбода нашр этиладими?
— Албатта. Олти ойлик ўтиш муддати тугаб, янги тартиб кучга киргандан кейин чиқариладиган китоблар ҳам янги алифбода чоп этилади. Бунда ҳам алоҳида мураккаблик йўқ. Масалан, бадиий адабиётлар аввал ҳам мунтазам нашр этиб келинган. Энди уларни нашр қилиш жараёнида алифбодаги ўзгартишлар ҳисобга олинади.
Ҳатто ҳозирнинг ўзида ҳам ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар ва сайтлар янги алифбода ёза бошлади. Чунки ўзгартишларнинг асосий қисми тўртта ҳарф билан боғлиқ бўлиб, уларни ўзлаштириш кўп вақт талаб қилмайди.
— Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.