Ўзаро тажриба алмашилади
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Тожикистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, инновациялар ва кадрлар малакасини ошириш маркази” делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда меҳмонлар билан қишлоқ хўжалигида инновацияларни жорий этиш, рақамли технологияларни кенг қўллаш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида аграр соҳани рақамлаштириш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, мутахассислар малакасини ошириш ва билимлар трансфери тизимини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар ўртасида илмий, таҳлилий ва методик маълумотлар алмашиш, қўшма илмий-тадқиқот ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, семинар, тренинг, форум ва конференциялар ташкил этиш, шунингдек, замонавий агротехнологиялар ва рақамли ечимлар бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида ҳамкорлик меморандумини имзолаш юзасидан келишувга эришилди.
Г.Бобоева,
ЎзА