Ўйингоҳ замонавий қиёфага киради
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Косонсой тумандаги “Косонсой” марказий ўйингоҳда бўлиб, амалга оширилиши режалаштирилган ишлар билан танишди. У лойиҳани белгиланган талаб ва меъёрлар асосида, юқори сифатда ҳамда ўз вақтида бажариш, қурилиш жараёнида замонавий ёндашувларни қўллаш борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Туманнинг “Косонсой” жамоаси бир вақтлар мамлакат миллий чемпионати олий лигасида қатнашиб, етакчи клублардан очко тортиб олишга эришган. Туман марказида жойлашган стадион нафақат маҳаллий жамоа, балки кейинчалик маълум йилларда Наманган вилоятининг бош жамоаси – “Навбаҳор”нинг шонли ўйинларига гувоҳ бўлган.

Шу боисдан ҳам косонсойликларга футбол завқини янада олиб кириш, спортни кенг оммалаштириш мақсадида туманда футбол инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий шароитлар яратишга киришилди.

Хусусан, Гулобод маҳалласи ҳудудида жойлашган, анча йиллардан бери таъмирталаб ҳолатга тушиб қолган туман марказий футбол ўйингоҳида мавжуд ҳолатни бартараф этиш учун стадионни тўлиқ реконструкция қилиш ва замонавий қиёфага келтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида 11 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига асосий қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Натижада, стадион замонавий талабларга жавоб берадиган, аҳоли ва спорт ихлосмандлари учун барча қулайликларга эга спорт масканига айлантирилади.

Дарҳақиқат, “Косонсой” марказий стадиони узоқ йиллар давомида аҳолига муносиб хизмат қилиши ва футболсеварлар учун замонавий, хавфсиз спорт муҳити яратилиши муҳим аҳамиятга эга.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.