Замонавий автодром фойдаланишга топширилди
Наманган вилоятининг Косонсой туманида Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ташаббуси билан барпо этилган замонавий автодром фойдаланишга топширилди.
Туман ўқув спорт-техника марказида янгидан қурилган смарт-автодром оммавий касб ходимларини тайёрлашни такомиллаштириш, ёшларнинг ҳайдовчилик маҳоратини ошириш, амалий машғулотларни самарали ташкил этиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини пухта ўзлаштириш ҳамда спортнинг техник ва амалий турларига бўлган қизиқишини янада кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда ташкилот тизими учун харид қилинган замонавий автотранспорт воситаларининг калитлари тантанали равишда тақдим қилинди. Жумладан, 12 та «Onix» русумли автомобиль, 6 та «Kia Sonet» русумли автомашина ҳамда 2 та «Foton» ва «FAW» русумли юк автомобили, жами 20 та янги автотранспорт воситаси ўқув спорт техника марказлари ихтиёрида бўлади.
[gallery-32167]
Тантанали маросимда қатнашган “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров, Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров малакали ҳайдовчиларни тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида харид қилинган янги техникалар моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқув-машғулотлар сифатини ошириш ва ёшларни замонавий талаблар асосида оммавий техник касбларга тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга катта туртки беришини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
– 1980-2024 йилларда собиқ “ДОСААФ”, кейинчалик “Ватанпарвар” ташкилотининг авто мактабларида фаолият юритганман. Бизни давримизда бугунгидек замонавий шарт-шароитлар бўлмаган, техникаларимиз сифатсиз эди. Ҳозирги ёшларимиз яратилган имконият ва ғамхўрликлардан унумли фойдаланиб, турли йўналишларда касбларни ўзлаштиришларига ишончимиз комил, – дейди косонсойлик меҳнат фахрийси Алижон Тўлабоев.
Тадбир давомида техник ва амалий спорт секцияларида фойдаланиладиган спорт техникалари ҳам намойиш этилди.
Меҳмонлар ва ёшларга «Ватанпарвар»нинг ўттиз беш йиллигига бағишланган эсдалик шараф ленталари улашилди.
Бу ўз навбатида ташкилот фаолиятига нисбатан ҳурмат ва фахр туйғуларини мустаҳкамлаш, ёшлар қалбида ватанпарварлик руҳини юксалтиришда алоҳида ўрин тутади.
Бир сўз билан айтганда, замонавий смарт-автодромнинг ишга туширилиши ва техника паркининг такомиллаштирилиши ташкилотнинг моддий базасини мустаҳкамлаш, навқирон авлод вакилларини касбга йўналтириш ва малакали мутахассислар этиб тайёрлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари