Ойга элтувчи “автобус”: Япония янги космик лойиҳани бошлади
Япониянинг “ispace” компанияси "SpaceX" билан ҳамкорликда Ойга юк ташиш бўйича янги лойиҳа йўлга қўйилишини эълон қилди. Ушбу корхона “Starship” кемасида 500 килограмм юк жойлаштириш имкониятини 50 миллион долларга сотиб олган. Илк парвоз 2030 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган.
Мазкур ташаббус доирасида “ispace” Ой юзасида ҳаракатланувчи махсус транспорт воситаси яратади. Қурилма турли мамлакатлар ва компаниялар илмий асбоб-ускунаси ҳамда бошқа турдаги юкни бир вақтнинг ўзида ташиш имконини беради. Компания бундай хизматни Ойга юк етказиш харажатини сезиларли даражада камайтирувчи янги ечим сифатида баҳоламоқда.
Аввал “ispace” Ойга икки марта қўнишга уринган: 2023 ва 2025 йилларда амалга оширилган миссияларда “Falcon-9” ракетасидан фойдаланилган бўлса-да, қўниш муваффақиятсиз якунланган. Энди компания 2030 йилгача “Ultra” номли учта аппаратни Ойга юмшоқ қўндириш режасини тузди. Лойиҳалардан бири “NASA”нинг “Commercial Lunar Payload Services” (CLPS) дастури доирасида амалга оширилади.
“SpaceX” маълум қилишича, ҳамкорлик Ой юзасига кичик юк етказиш имкониятини кенгайтиради. Шу билан бирга “Starship” кемаси “Artemis” дастури доирасида 2028 йил астронавтларни Ойга олиб бориши ҳам режалаштирилган. Мутахассислар фикрича, мазкур ҳамкорлик Ернинг табиий йўлдоши инфратузилмасини ривожлантириш ва хусусий коинот бозорини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА