NASA Ой миссиясига старт берди
NASA "Artemis" III дастури бўйича янги режаларни очиқлади, бироқ энг муҳим янгилик – инсоннинг Ой юзасига қайтиши яна ортга сурилди.
Аввалги режага кўра, “Artemis” III миссияси астронавтларни Ойга олиб бориши керак эди. Энди эса миссия Ер орбитаси атрофида амалга оширилади ва асосий эътибор келажакдаги Ой қўнишлари учун технологияларни синовдан ўтказишга қаратилади.
Маълумотларга кўра, “Orion” кемаси тўрт нафар астронавт билан Ер орбитасига чиқади. Парвоз давомида ҳаётни таъминлаш тизимлари — сув, кислород ва азот захиралари синовдан ўтказилади. Шунингдек, илк бор орбитада икки космик аппаратнинг уланиши ва ёқилғи қуйиш жараёни амалга оширилади.
Мутахассислар фикрича, бу технология келажакда Ой ва Марсга узоқ парвозлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки узоқ миссияларда кемалар космоснинг ўзида қайта ёқилғи олишига тўғри келади. “SpaceX” ва “Blue Origin” ҳам миссиянинг муҳим қисмига айланмоқда. NASA икки компанияга инсон қўниши учун мўлжалланган янги космик тизимларни синовдан ўтказиш учун қўшимча вақт бермоқда.
NASA вакилларидан Жереми Парсонснинг айтишича, “Artemis” III келажакда бир вақтнинг ўзида бир нечта космик аппарат билан ишлаш имкониятларини ҳам текшириб беради. Шу тариқа, инсониятнинг Ойга кайта қайтиши яна кечикди. Ҳозирча NASA инсонни Ой юзасига туширишни “Artemis” IV миссияси доирасида 2028 йил атрофида амалга оширишни режалаштирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА