ФОТОРЕПОРТАЖ
Халқимиз азалдан болажон. Шунинг учун ҳам фарзанд ва келажак авлод тарбияси энг муҳим масалалардан. Айниқса, кейинги йилларда бошланғич бўғин – мактабгача таълим ташкилотларидаги таълим ва тарбия ишлари, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шароит ва имкониятларни яратишга қаратилган давлат даражасидаги эътибордан аҳоли мамнун.
Бунинг яққол исботини Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани “Тақир кўл” овул фуқаролар йиғинида замонавий услубда қад ростлаётган икки қаватли янги болалар боғчаси биносининг қурилиш ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, умумий қиймати 5 миллиард 388 миллион сўм бўлган янги мактабгача таълим ташкилотнинг қурилиш ишлари Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро фондининг “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси асосида амалга оширилмоқда. Қурилиш ишларининг сифатли ва тез якунланиши учун барча шароитлар яратилган.
[gallery-24009]
Албатта, замонавий ва барча қулайликларга эга янги бинонинг қад ростлаши аҳолини ўйлантириб келаётган масалага ечим бўлди. Қурилиш ишлари якунланиши билан ҳудуддаги 120 нафар ўғил-қиз бу ерда таълим-тарбия олишни бошлайди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА