Ўтмиш ва бугунни боғловчи маданият байрами
Самарқанд тумани Оҳалик маҳалласида, сўлим тоғ ён бағрида илк бор ўтказилган этно-фестивални ташкилотчилар шундай номлади.
Кейинги йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантириш, хорижлик сайёҳларнинг юртимизга қизиқишини ошириш мақсадида турли хил фестиваллар, танлов ва мусобақалар ўтказилмоқда. Ҳунармандлик маҳсулотлари, миллий таомлар, кашта ва бошқа либослар кўргазмалари ташкил этилмоқда. Самарқанд вилояти туризм бошқармасининг маълумотларига кўра, биргина 2025 йилда 40 дан ортиқ шу каби тадбирлар ўтказилди.

– Самарқандга келадиган сайёҳларга шу пайтгача фақат тарихий обидаларимиз, муқаддас зиёратгоҳларни кўрсатиш билан чекланган бўлсак, бугун ҳар бир ҳудуднинг ўз туристик йўналиши, бориб кўриш, завқланиш мумкин бўлган жойлари бор, – дейди Самарқанд тумани ҳокими Сирожиддин Усмонов.
– Жумладан, бизнинг туманимизда ҳам тоғли жойлар, гўзал табиат манзаралари кўп бўлган ҳудудлар, катта-катта боғлар бор. Юртимиздаги биринчи туризм қишлоғи ҳисобланадиган Конигил ҳам бизнинг туманда жойлашган. Яқинда Янгижой маҳалласига ҳам туризм маҳалласи мақоми берилди. Тоғ ён бағрида жойлашган Оҳалик, Оқбўйра ва Миронқул қишлоқларида туристик рекреацион зонаси ташкил этилиб, сайёҳлик учун зарур инфратузилма яратилди. Бу йил биринчи марта ташкил этилган этно-фестиваль ҳам бу йўналишдаги ишларимизнинг яна бир намунаси. Келгусида бу тадбирни халқаро даражага олиб чиқишни режалаштирганмиз.

Фестивалда от спорти ўйинлари, камондан отиш, миллий кураш мусобақалари ташкил этилди. “Оқ теракми, кўк терак”, “Чиллак”, “Қарап теп”, арқон тортиш, куч синашиш каби миллий халқ ўйинлари ўтказилди.
Дарбозлар ўйинлари, этнографик ансамблларнинг лапар ва термалари, улкан ҳаво шарларида кўкка кўтарилиш ҳам тадбир иштирокчилари учун унутилмас таассуротларга бой бўлди. Айниқса, хорижлик сайёҳлар фестивални ҳайрат билан кузатиш баробарида халқимиз тарихи ва маданияти, миллий халқ ўйинлари ҳақида маълумотларга эга бўлди.

– Самарқандга саёҳатимизда кўзда тутилмаган бўлса ҳам бу фестивалга келганимиздан хурсандмиз, – дейди австриялик сайёҳ Мишел Жон. – Халқингизнинг ҳаёти, тарихи ва маданиятини кўрсатиб берадиган спорт ўйинлари, маданий дастурлар ўзига хос экан. Бу ўйинларнинг ёшлар томонидан бугун ҳам давом эттирилаётгани, айниқса, эътиборли.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА