Чавандозларимиз Евроосиё лигасида шоҳсупага кўтарилди
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича FEI жаҳон кубоги — Евроосиё лигаси финали мусобақалари бошланди.
Жорий йилнинг 22 ноябрь кунига қадар ўтказиладиган мазкур мусобақада 11 давлатдан келган чавандозлар турли баландликдаги тўсиқлардан иборат конкур беллашувларида ўзаро рақобатлашмоқда.
Мусобақанинг тўсиқлар баландлиги 125 сантиметр бўлган беллашувида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари юқори натижаларни қайд этди. Жумладан, Алишержон Эркинов «Cool Dancer» лақабли оти билан барча рақибларидан устун келиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Яна бир вакилимиз Аъзам Толиббоев «Lady» номли тулпорида иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлди. Учинчи ўрин Қирғизистон вакили Ринат Галимовга насиб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА