Ўткир Ҳошимов адабий мероси турк китобхонлари эътиборида
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг бетакрор ижоди ҳаётийлиги, инсон руҳиятини чуқур тасвирлаши ва реал воқеликни ҳаққоний акс эттириши билан алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис устоз адибнинг асарлари нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам кенг тарғиб этилмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маълумотига кўра, адиб таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, профессор Хайрулла Ҳамидовнинг “Ötkir Haşimov ve Eserleri: Bir İnceleme ve Tercüme Seçkisi” («Ўткир Ҳошимов ва асарлари: Илмий тадқиқот ва танланган таржималар») номли монографияси турк тилида нашр этилди.
Нашрга Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори, профессор Гулчеҳра Рихсиеванинг сўзбошиси, профессор Абдураҳим Манноновнинг бош мақоласи ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошевнинг сўнгсўзи киритилган.
Монографияда Ўткир Ҳошимов асарларининг турк тилига қилинган таржималари илмий жиҳатдан таҳлил қилинган. Шунингдек, адибнинг энг сара ҳикоялари ҳам турк тилида китобхонларга тақдим этилган.
Мазкур нашр «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида ўзбек адабиёти дурдоналарини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган вазифалар ижросининг амалий самараларидан бири ҳисобланади.
Ушбу китоб Ўткир Ҳошимов ижодининг турк китобхонлари орасида янада кенг оммалашишига, шу билан бирга, ўзбек адабиётининг жаҳон адабий маконидаги нуфузини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Н.Усмонова,
ЎзА