От спорти: халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида Rajasthan Polo Club ва Ўзбекистон поло федерацияси ўртасида поло спортини ривожлантириш ҳамда Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасидаги маданий ва спорт алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида умумий интилишни намоён этган мазкур келишув Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамда Global Trade & Technology Council томонидан қўллаб-қувватланди.
Бу, Марказий Осиёда поло спортини ривожлантириш, унинг мероси ва илғор тажрибаларини ўрганиш, қўшма тренинг ва семинарлар ташкил этиш, халқаро даражадаги мусобақаларни ҳамжиҳатликда ўтказиш масалаларини қамраб олаётгани билан аҳамиятлидир.
Мутасаддилар таъкидлаганидек, ушбу ҳамкорлик поло спортини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, спорт дипломатияси орқали халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА