Хитой билан спорт соҳасидаги алоқалар ривожланмоқда
Хитой Халқ Республикасининг Çjetszyan спорт коллежи вакилларидан иборат делегация аъзолари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”нинг замонавий спорт инфратузилмаси ва мавжуд имкониятлари билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шахрилло Маҳмудов билан мулоқот жараёнида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, спорт таълими ва амалий фаолиятнинг истиқболли йўналишларида тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқилди.
Хитой делегацияси вакиллари Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси фаолияти билан танишиб, мазкур спорт турини янада ривожлантириш борасида ўз таклифларини билдиришди.

Шунингдек, сузиш ҳавзаси, замонавий стадион ҳамда велотрек мажмуаси билан яқиндан танишиб, ушбу спорт объектларининг моддий-техник базаси, жиҳозланиши ва спорт машғулотларини ташкил этиш имкониятларига юқори баҳо беришди.

Хитой спорт делегацияси аъзолари Ўзбекистон давлат спорт академияси ҳамда Çjetszyan спорт коллежи ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш асносида Жисмоний тарбия ва спорт илмий-тадқиқот лабораториясида қўшма лойиҳаларни татбиқ этиш масаласида таклифларни ўртага ташлашди.
Меҳмонлар мамлакатимиз спорт таълими мутахассислари томонидан спортчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини баҳолаш, функционал имкониятларини ўрганиш борасида олиб борилаётган илмий изланишларга катта қизиқиш билдиришди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА