Осиё тахтида яна Шарифа
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида давом этаётган XX ёзги Осиё ўйинларининг енгил атлетика бўйича уч ҳатлаб сакраш дастурида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Шарифа Давронова 14,35 метр натижа қайд этиб, барча рақибларини ортда қолдирди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Шу тариқа, Шарифа Давронова ўз фаолиятида иккинчи бор Осиё ўйинлари чемпионига айланди. У бундан аввал, 17 ёшида, 2023 йилда Ханчжоуда ўтказилган XIX Осиё ўйинларида ҳам уч ҳатлаб сакраш бўйича олтин медалга сазовор бўлган эди.
Унинг бугунги катта ютуғи замирида мамлакатимизда ёш авлоднинг спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган кенг имконият ва шароитлар, ҳудудларда спорт тўгаракларининг фаолият олиб бораётгани, спорт иншоотларининг зарур жиҳоз ва инвентарлар, малакали мураббийлар билан таъминланаётгани мужассам. Ана шундай тўгараклардан Шарифа Давроновадек иқтидорли спортчиларнинг етишиб чиқаётгани соҳада амалга оширилаётган ишлар самарасини кўрсатади.
Шарифа Давронова 2006 йил 27 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида туғилган. У болалигиданоқ онаси Насиба Ҳошимовага спортчи бўлиш истаги ва келгусида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш орзуси борлигини айтган. Онаси эса қизининг бу мақсадига эришиши учун уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.

Шарифа 2016 йилда енгил атлетика бўйича мураббий Музаффар Каримов қўл остида спорт сирларини ўргана бошлади. Тинимсиз меҳнат ва ғалабага бўлган интилиш уни 2020 йилдаёқ мамлакат чемпионатига олиб чиқди. Катталар ўртасидаги мазкур чемпионатда Шарифа 100 метрга югуриш ва уч ҳатлаб сакраш баҳсларида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.
Турли миллий мусобақаларда тобланиб, маҳоратини янада оширган Шарифа 2021 йилда маҳаллий чемпионатларнинг уч ҳатлаб сакраш баҳсларида ғолиб бўлди. Ўша йили Қозоғистонда 2004 йил ва ундан кейин туғилган енгил атлетикачилар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда 60 метр масофани 7,72 сонияда босиб ўтиб, олтин медалга сазовор бўлди ва U–16 ёш тоифасида Ўзбекистон рекордини янгилади. Шунингдек, уч ҳатлаб сакрашда 12,73 метр натижа қайд этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Шарифа Давронова 2022 йилда ҳам ўз тенгдошлари орасида юксак натижалар қайд этди. У уч ҳатлаб сакрашда жаҳон миқёсида U–18 ёш тоифасида, шунингдек, ўсмирлар ва ўзидан икки-уч ёш катта атлетлар орасида мавсумнинг энг яхши натижаларини кўрсатди. Мавсумни Ўзбекистон кубоги ва чемпионатларидаги ғалабалари билан бошлаган спортчи Туркиянинг Бурса шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда уч ҳатлаб сакрашда 13,55 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди.
Колумбиянинг Кали шаҳрида бўлиб ўтган 20 ёшгача бўлган атлетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида уч ҳатлаб сакраш бўйича чемпионликни қўлга киритди. V Ислом бирдамлик ўйинларида ҳам мазкур йўналишда делегациямиз ҳисобига олтин медаль қўшди. Шу йили Самарқанд шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё мамлакатлари очиқ чемпионати ҳамда Қувайтдаги Осиё чемпионатида узунликка ва уч ҳатлаб сакраш бўйича шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Юксак марраларни кўзлаётган атлетикачи қизимиз 2023 йилги мавсумни ҳам мамлакат кубогидан бошлади. Мазкур мусобақада Шарифа 13,77 метр натижа қайд этиб, ёпиқ иншоотлардаги Ўзбекистон рекордини янгилади. 11 февраль куни Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида ўтказилган ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионатида эса 13,98 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди.

Бу муваффақиятларидан сўнг Шарифа Давронова 2023 йил 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига кўра, спортдаги ютуқлари учун «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди. Шу йил апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида икки бор шоҳсупага кўтарилди. Жумладан, узунликка сакрашда кумуш, уч ҳатлаб сакрашда олтин медалга сазовор бўлди.
Шарифа Давронова «Ханчжоу–2022» Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўрди. Терма жамоа сафида ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этган спортчи замонавий талаблар асосида тайёргарлик жараёнини олиб борди ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиш учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланди.
Муҳим тайёргарликдан сўнг атлетимиз Геннадий Арзуманов хотира турнирида қатнашиб, уч ҳатлаб сакраш бўйича миллий рекордини 14,23 метрга янгилади. 2023 йилда эса XIX Осиё ўйинларининг уч ҳатлаб сакраш баҳсларида 14,09 метр натижа билан ғолиб бўлди. Унинг бу ғалабаси шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилиб, Ўзбекистон мадҳияси янгради.
2024 йилда Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш бўйича бир қатор мусобақаларда юқори натижалар қайд этди. Жумладан, Анталиядаги Олимпиада синов мусобақасида 13,13 метр натижа билан биринчи, Тошкентдаги Марказий Осиё очиқ чемпионатида 13,76 метр билан биринчи, Г. Арзуманов мемориалида 13,79 метр билан биринчи, Ўзбекистон очиқ чемпионатида 13,39 метр билан биринчи, Олмаотадаги XXXIII Қосанов мемориалида 13,75 метр билан биринчи ва Тошкентдаги «Silk Road to Olympic» мусобақасида 13,89 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчи Лима шаҳрида ўтказилган Жаҳон U20 чемпионатида 13,75 метр натижа билан ғолиб бўлди.

2025 йилда Шарифа Давронова уч ҳатлаб ва узунликка сакраш бўйича қатор мусобақаларда шоҳсупадан жой олди. Жумладан, Астанадаги мусобақада уч ҳатлаб сакрашда 13,90 метр натижа билан иккинчи, Тошкентдаги Г. Арзуманов мемориал мусобақасида узунликка сакрашда 6,42 метр натижа билан биринчи, уч ҳатлаб сакрашда 13,64 метр билан биринчи ўринни эгаллади. Бутунжаҳон талабалар ўйинларида 14,33 метр натижа билан ғолиб бўлган спортчи Олмаотадаги XXXIV Қосанов мемориалида уч ҳатлаб сакрашда 14,19 метр билан биринчи, узунликка сакрашда 6,26 метр билан иккинчи бўлди. Тошкентда ўтказилган «Road to Tokyo» мусобақасида узунликка сакрашда 6,14 метр натижа билан ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, Осиё чемпионатида уч ҳатлаб сакрашда 13,74 метр билан иккинчи, Ар-Риёддаги Ислом бирдамлиги ўйинларида эса 13,91 метр натижа билан иккинчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон енгил атлетика терма жамоаси аъзоси Шарифа Давронова 2026 йилги мусобақаларда ҳам уч ҳатлаб сакраш бўйича юқори натижалар қайд этди. Хусусан, 24 сентябрь куни Япониянинг Нагоя шаҳрида ўтказилаётган XX Осиё ўйинларида спортчимиз 14,35 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Ушбу натижа Шарифа Давронованинг жорий мавсумдаги энг яхши кўрсаткичи ҳисобланади.
Бундан аввал атлетимиз қатор нуфузли мусобақаларда ҳам шоҳсупага кўтарилди. Жумладан, 7 февраль куни Тяньцзинда ўтказилган Осиё ёпиқ иншоотлар чемпионатида 14,05 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллади. 17 май куни Линкольндаги «Big Ten» очиқ ҳаво чемпионатида 14,13 метр, 30 май куни Фейетвиллдаги «NCAA» Ғарб минтақаси саралаш баҳсларида 13,92 метр натижа билан ғолиб бўлди. 12 июль куни Ордос шаҳрида ўтказилган Осиё U23 чемпионатида эса 14,24 метр натижа билан яна бир олтин медалга сазовор бўлди. 13 июнь куни Южин шаҳридаги «NCAA I» дивизиони очиқ ҳаво чемпионатида 14,15 метр натижа қайд этиб, иккинчи ўринни эгаллади.

Шу тариқа, Шарифа Давронова 2026 йилда уч ҳатлаб сакраш бўйича иштирок этган мусобақаларининг олтитасида шоҳсупага кўтарилиб, 5 та олтин ва 1 та кумуш медаль жамғарди.
Ҳа, Шарифа Давронованинг бугунги ютуқлари ортида йиллар давомидаги машаққатли меҳнат, изчил тайёргарлик ва катта мақсад сари интилиш мужассам. Унинг Осиё ўйинларидаги иккинчи чемпионлиги нафақат спортчининг шахсий фаолиятидаги муҳим натижа, балки Ўзбекистон енгил атлетикасининг қитъадаги мавқеини яна бир бор намоён этган ютуқ сифатида аҳамиятлидир.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА