Осиё тараққиёт банки иссиқлик таъминотини модернизация қилиш учун 1,3 миллион доллар ажратди
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Осиё тараққиёт банки делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда вазир ўринбосари Озода Жўраева, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «Иссиқликтаъминоти» АЖ ҳамда вазирликнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Мулоқот давомида мамлакатда коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ва аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган амалдаги ҳамда истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хусусан, Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш лойиҳасини тайёрлаш жараёнлари, унинг техник ва молиявий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. Қайд этилишича, мазкур лойиҳани тайёрлаш ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки томонидан 1,3 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилган.

Учрашувда иссиқлик таъминоти соҳаси учун замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини халқаро тажриба асосида оширишга қаратилган грант лойиҳаси масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, Осиё тараққиёт банки иштирокида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тизимларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бориши муҳокама қилинди. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларига ўтказилган маҳаллаларни ичимлик суви ҳамда канализация хизматлари билан таъминлаш бўйича режалар атрофлича кўриб чиқилди.
Томонлар коммунал хўжалик соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини ошириш ва истиқболдаги ташаббуслар бўйича мулоқотларни давом эттиришга келишиб олди.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва соҳанинг замонавий инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА