Жаҳон банки кўмагида иссиқлик таъминоти янги босқичга чиқади
Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамкорлик асосида изчил давом этмоқда. Жаҳон банки миссияси вакиллари билан ўтказилган учрашувда соҳани ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар ва қўшма ташаббуслар муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти тизимини замонавий, энергия тежамкор ва барқарор инфратузилмага айлантириш йўлида халқаро ҳамкорлик изчил кенгаймоқда. Шу мақсадда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида Жаҳон банки миссияси вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида мамлакатимизда иссиқлик таъминоти соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тармоқни модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолини сифатли ва узлуксиз иссиқлик билан таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иссиқлик тармоқларидаги йўқотишларни қисқартириш ҳамда соҳанинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Учрашувда Жаҳон банкининг мазкур соҳадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдаги ўрни алоҳида қайд этилди. Хусусан, молиявий ва экспертлик кўмаги, шунингдек, халқаро тажрибаларни жорий этиш масалалари муҳокама марказида бўлди. Томонлар «Program for Results» механизмини амалиётга татбиқ этиш имкониятлари, самарадорлик кўрсаткичлари ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг кейинги босқичларини кўриб чиқди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева таъкидлаганидек, лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимини комплекс ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, энергия аудитини ўтказиш, мавжуд ҳолатни чуқур таҳлил қилиш, энергия самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш, марказлашган иссиқлик тармоқларининг ички муҳандислик коммуникацияларини модернизация қилиш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Бундай ҳамкорлик нафақат иссиқлик таъминоти тизимининг техник ҳолатини яхшилаш, балки энергия тежамкор ечимларни жорий қилиш, эксплуатация харажатларини камайтириш ва аҳоли учун коммунал хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга ҳам хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар иссиқлик таъминоти соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма ташаббусларни изчил амалга ошириш ва истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканликларини билдирди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА