Осиё ўйинларида миллий спортимизни улуғлаганлар тантанали кутиб олинди
Японияда давом этаётган XX ёзги Осиё ўйинларида миллий спортимиз кураш мусобақалари ўтказилгани қанчалик ифтихорли холат бўлган бўлса, спортчи-ёшларимиз курашнинг жозибасини намойиш этиб, совринли ўринларни эгаллагани янада эътиборли воқеликка айланди.
Айтиш лозимки, Осиё ўйинларининг уч кунлик кураш мусобақаларида 25 тадан зиёд давлат вакиллари қатнашди.
Шиддатли кечган беллашувлар якунига кўра, Осиё ўйинларида 10 та мамлакат спортчилари кураш мусобақаларининг совринли ўринларини қўлга киритди. Телевизион дастурлар, интернет нашрларида кураш спорти терминологиясидан ўрин олган ўзбекона сўзлар баралла жаранглаб турди. Бу, қитъа миқёсидаги минг-минглаб хонадонлар, оилалар, одамлар қалбига қадриятларимиз, ота-боболаримиздан мерос иборалар жо бўлганининг амалий ифодаси бўлди.

Мусобақалар сарҳисоби ҳолатида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин ва 2 та бронза медали билан умумжамоада пешқадамликка эришди. Эрон 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза, Жанубий Корея 1 та олтин ва 1 та кумуш медаль билан кейинги ўринларни банд этди.
Кураш мусобақаларида Хитой Тайпейи ва Тожикистон вакиллари 2 тадан кумуш ва 1 тадан бронза, Япония ҳамда Қозоғистон терма жамоалари 2 тадан бронза, Ҳиндистон, Қирғизистон ва Таиланд полвонлари эса 1 тадан бронза медаль соҳиби бўлди.

Куни кеча қитъа ўйинларида юз фоизлик натижа қайд этиб, ватанимиз номини халқаро майдонда улуғлаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида иштирок этган спорт вазирининг маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов, Ўзбекистон кураш федерацияси бош котиби Алишер Эшонқулов, Тошкент шаҳар спорт бошқармаси бошлиғи Бекзод Убайдуллаев, жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, спортчиларнинг яқинлари енгилмас курашчиларимизни Осиё ўйинларидаги ўзига хос ғалабалар билан муборакбод этишди.
Т.Рўзиев,
ЎзА