Осиё ўйинлари: Спорт жамоаларимиз катта курашга тайёрми?
Мамлакатимиз спортчиларининг ҳар тўрт йилда ўтказиладиган “кичик олимпиада” ўйинларидаги иштирокига назар ташласак, 2022 йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган XIX ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси медаллар сони ва сифати бўйича Осиё ўйинлари тарихидаги энг яхши натижани қайд этган эди.Хўш, бу йил Японияда бўладиган XX ёзги Осиё ўйинларида ортда қолган тўрт йилликдаги натижа ва кўрсаткичларни такрорлаш, қайсидир спорт турларида яхшилашга эришиладими?
Ҳозирги кунда Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, тегишли спорт федерациялари томонидан жорий йилнинг 19 сентябрь - 4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи–Нагоя шаҳарларида ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинларида муносиб натижаларга эришиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилмоқда. Мутахассислар, мураббийлар, экспертлар иштирокида таҳлиллар, мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Куни кеча Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, кураш, спорт курашлари, аралаш жанг ва ушу спорт турлари бўйича спорт федерациялари мутасаддилари билан биргаликда олиб борилаётган тайёргарлик жараёнлари таҳлил қилинди.
Муҳокамалар жараёнида спортчиларни нуфузли халқаро мусобақаларга жисмоний, руҳий жиҳатдан пухта тайёрлаш, ўқув-машғулот йиғинларини самарали ташкил этиш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида амалга оширилаётган тайёргарлик жараёнлари хусусида масъулларнинг ҳисоботлари тингланди, мураббийлар фаолиятини такомиллаштириш, селекция тизимини кучайтириш борасида тавсиялар илгари сурилди.
Муҳокамалар якунида спорт федерациялари раҳбарларига белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, спортчиларнинг халқаро майдонлардаги натижадорлигини янада ошириш ҳамда бўлажак Осиё ўйинларида муносиб иштирок этишни таъминлаш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Шу ўринда бир гап. Мамлакатимиз спортчилари 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида 20 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалга сазовор бўлган эди. 2022 йилги қитъа ўйинларида 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медаль ҳолатида кўрсаткичларимиз янада яхшиландики, юртимизда кейинги йилларда спорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш, оммавий спортни ривожлантириш, маҳоратли спортчиларни тайёрлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар “Аичи-Нагоя-2026” мусобақалари ўзбек спорт солномасига янги муваффақиятлар шамолини бошлаб келишидан далолатдек, назаримизда.

Аммо, нима бўлганда ҳам, катта спортда, гигант мамлакатларнинг энг кучли спортчилари, жамоалари билан шиддатли курашларда юксак марраларни қўлга киритиш, энг аввало тайёргарликнинг етарли даражада бўлиши билан бир қаторда, омаднинг пешвоз чиқишига ҳам боғлиқ.
Шундай экан, истагимиз улкан синов ва имтиҳон майдони бўлган Осиё ўйинлари “жангларига” чоғланаётган спортчиларимиз, миллий терма жамоаларимизга муваффақият эшиклари ҳамиша очиқ бўлсин.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА