Ўрта ер денгизида навбатдаги фожиа: ўнлаб мигрант йўқолган
Ўрта ер денгизида муҳожирларни олиб кетаётган қайиқ ағдарилиб, 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда. Ливияда сувга тушган қайиқда 100 га яқин йўловчи бор эди. Ҳозирча 32 киши қутқарилиб, 2 нафар инсоннинг жасади топилган. Қолганлар тақдири номаълум.
Омон қолганлар тижорат кемасида Италиянинг “Lampedusa” оролига олиб чиқилди. Халқаро қоидага кўра, денгизда хавф билан юзма-юз қолганларга ёрдам бериш мажбурий ҳисобланади. Ҳодиса Ливия назоратидаги қутқарув ҳудудида содир бўлгани айтилмоқда. Айни пайт қутқарув ишлари кечиккани ҳақида ҳам саволлар пайдо бўлмоқда.
Ҳуқуқ фаоллари ва нодавлат ташкилотлар фожиани Европа сиёсати билан боғлаяпти. Яъни, хавфсиз ва қонуний миграция йўллари очилмаётгани боис, одамлар шундай хавфли сафарни танлашга мажбурлиги таъкидланмоқда. Айниқса, Ливия – Италия дунёдаги энг хавфли йўналишлардан бири сифатида тан олинган.
Расмий маълумотга кўра, 2026 йил бошидан бери камида 683 мигрант ҳалок бўлган ёки бедарак кетган. Тўғри, минглаб одам Европагача етиб келяпти, бироқ ҳар бир шундай сафар мислсиз хатар билан кечади.
Мусулмон Зиё, ЎзА