Европа орзуси қулликка сабабми?
Буюк Британияга етиб боришни орзу қилган юзлаб ёш муҳожир Ливияда жиноий тўда қўлига тушиб қолди. Текширув материалига кўра, Ироқ Курдистонидан чиққан 300 дан кўп йигит гаровга олинган, уларнинг оилаларидан катта миқдорда товон пули сўралган.
Муҳожирлар Европа сари ноқонуний сафар уюштирган воситачилар орқали Ливияга етказилган. Кейин қуролли гуруҳ уларни қўриқланадиган объектга жойлаштириб, озодлик эвазига ҳар бир оиладан 5 000 доллар талаб қилган. Тўлов кечиккан ҳолда таҳдид янада кучайган.
Гаровдан қутулган айрим ёшлар бошидан кечирган воқеани сўзлаб берган: юзлаб одам жуда тор хонада сақланган, озиқ-овқат тақчил бўлган, неча кунлаб қуёш нурини кўриш имкони берилмаган. Айримлар танасидаги жароҳат изини ҳам кўрсатган.
Масалан, 16 ёшли ўсмир юзлаб одам билан бир хонада олти ой сақланганини айтган. Унинг айтишича, маҳбуслар навбат билан ўтирган ҳолда ухлашга мажбур бўлган.
Тергов жараёнида ўрганилган, айрим оилаларга юборилган сурат ва видео лавҳаларда гаровдагилар таҳдид остида қолгани акс этган.
Ливия орқали ўтадиган муҳожирлик йўналиши анчадан бери хавфли ҳудуд сифатида тилга олинади. Мамлакатнинг айрим қисмларида марказий ҳокимият назорати чеклангани жиноий тармоқ фаолияти учун қулай муҳит яратмоқда. Шу боис одам савдоси, товламачилик ва гаровга олиш ҳолати тез-тез учрайди.
Қурбонларнинг бир қисми кейинчалик озод қилинган. Айримлар учун оилалари товон тўлаган, бошқалар Ироқ ҳукумати ташкил этган махсус рейслар орқали ватанга қайтарилган. Ҳозиргача қанча одам асирдалиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Мутасаддилар таъкидлашича, ушбу воқеа Европа сари ноқонуний йўллар нақадар хавфли эканини яна бир бор кўрсатди. Шунга қарамай, минтақадан кўҳна қитъа томон кетишга уринаётганлар сони камаймаяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА