Оролбўйида ёзги оромгоҳлар мавсумга шайми?
Қорақалпоғистон Республикасида болаларнинг ёзги таътилини мазмунли, хавфсиз ва соғлом ташкил этиш мақсадида 2026 йил ёз мавсумига тайёргарлик ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
– Жорий йил ёз мавсумида республика ҳудудида жами 11 та стационар турдаги болалар оромгоҳи фаолият юритиши режалаштирилган бўлиб, уларда 7 минг 140 нафар боланинг дам олиши ва соғломлаштирилиши таъминланади, –дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Қорақалпоғистон бошқармаси бошлиғи Раҳман Мадреимов. – Жумладан, департамент тасарруфидаги 5 та оромгоҳда 4 минг 795 нафар болаларнинг дам олиши режалаштирилган.

Жумладан, Мўйноқ туманидаги “Оқ кема” оромгоҳида 6 та смена давомида 1 минг 620 нафар, Тўрткўл туманидаги “Оқ кабутар”оромгоҳида 5 та сменада 825 нафар, Элликқалъа туманидаги “Орол болалари” оромгоҳида 5 та сменада 1 минг 250 нафар, Тахиатош туманидаги “Ойдин йўл” оромгоҳида 5 сменада 650 нафар, Нукус шаҳридаги “Турон” оромгоҳида 5 та сменада 450 нафар боланинг дам олиши таъминланади. Шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимликлари тасарруфидаги 5 та оромгоҳ ҳамда “Орол” хусусий оромгоҳида жами 2 минг 345 нафар болаларнинг дам олиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, умумтаълим мактаблари, спорт мактаблари, санъат мактаблари, “Келажак марказлари” ва “Ёшлар марказлари” негизида 69 та кундузги оромгоҳлар ташкил этилиб, уларда 16 минг 750 нафар болалар қамраб олинади. Жами бўлиб 2026 йил ёз мавсумида 23 минг 890 нафар боланинг дам олиши белгиланган.
Ёзги мавсумда оромгоҳларда фаолият юритадиган малакали кадрларни танлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада Мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим муассасалари ҳамда соҳанинг тажрибали мутахассислари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилди. Оромгоҳларга мавсумий педагогларни қамраб олиш мақсадида “oromgohlar.uz” электрон платформаси орқали шаффоф ва очиқ тарзда амалга оширилди.
Қувонарлиси, оромгоҳларда фаолият юритиш истагини билдирган номзодлар ҳар йилгидан ҳам кўп бўлди. Ҳар бир оромгоҳ кесимида катта тарбиячилар, тарбиячилар, етакчилар, тўгарак раҳбарлари ва спорт мураббийлари бўйича етарли даражада номзодлар шаклланиб, умумий ҳисобда юзлаб ташаббускор ва фидойи кадрлар жалб қилинди.

Мазкур жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Республика комиссияси шакллантирилиб, энг муносиб номзодларни саралаб олиш ишлари амалга оширилди. Жорий йил 24 апрель куни Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасидаги болалар оромгоҳлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда департаментнинг 2026 йил 20 апрелдаги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Элликқалъа туманидаги “Орол болалари” болалар соғломлаштириш оромгоҳида семинар ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикасидаги оромгоҳлар директорлари, катта тарбиячилар, тарбиячилар ва етакчилардан иборат 80 нафарга яқин педагог ходим иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчиларга “Янги Ўзбекистон оромгоҳлари” учун ишлаб чиқилган 12 кунлик инновацион намунавий дастур мазмун-моҳияти тушунтирилди. Шунингдек, назарий ва амалий машғулотлар доирасида замонавий педагогик ёндашувлар, интерфаол усуллар, болалар билан самарали ишлаш бўйича илғор тажрибалар тақдим этилди.

Амалий қисмда оромгоҳ жамоалари томонидан турли йўналишларда маҳорат-синфлари ташкил қилиниб, иштирокчилар ўртасида тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ижодий чиқишлар орқали жамоаларнинг ташаббускорлиги ва креатив ёндашувлари намоён этилди.
Шу билан бирга, оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш бўйича жорий таъмирлаш ишлари бўйича республика департаменти ҳузуридаги жамғармадан департамент тасарруфидаги оромгоҳлар ҳисобларига смета бўйича зарур маблағлар туширилиб, қурилиш ишлари олиб борилиб, якунига етказилди. Барча оромгоҳларда жорий таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда тўлиқ якунлаши таъминланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Қорақалпоғистон Республикасида болаларнинг 2026 йил ёзги таътилини юқори савияда, хавфсиз ва мазмунли ташкил этиш мақсадида барча йўналишларда комплекс ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар болаларнинг соғлом дам олиши, уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланиши, шунингдек, ёш авлодни баркамол шахс сифатида тарбиялашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.