Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 600 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Талабалар турар жойи биносининг қурилиш-реконструкция ишларига институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 3 миллиард 855 миллион сўм ажратилди. Нукус шаҳридаги “Golden Star” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилган реконструкция ишларидан сўнг 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи 600 ўринга етказилди. 1 миллиард 600 миллион сўмлик мебель жиҳозлари, 545 миллион сўмлик замонавий газ плиталари, музлаткичлар, кир ювиш машиналари, микротўлқинли печьлар, дазмоллар, сув иситиш ускуналари каби маиший техникалар билан таъминланди.
[gallery-5664]
Талаба-ёшларнинг ўқишдан бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун бу ерда барча шароит яратилган. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни талабалар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида замонавий ахборот технологиялари, компьютерлар хонаси, ахборот-ресурс маркази, санъатга қизиқувчи ёшлар учун чолғу асбоблари билан, тикувчилик сирларини ўрганиши учун тикув машиналари билан жиҳозланган тўгараклар ташкил этилган. Овқатланиш, ювиниш, интернет тармоғидан фойдаланиш, газета-журналлар мутолаа қилиб, телевизор томоша қилиш учун барча шароит мавжуд.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, талабалар турар жойига биринчи навбатда чет эл фуқаролари, олис вилоятлар ҳамда туманлардан қатнаб ўқийдиган кам таъминланган, етим, боқувчисидан айрилган, “Темир дафтар” га киритилган оилаларнинг фарзандлари жойлаштирилади. Келгусида Нукус давлат педагогика институтининг 5 қаватли, 1250 ўринга мўлжалланган янги талабалар турар жойлари биноси қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун 73 миллиард 322 миллион сўм маблағ ажратилган. Президент фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид Давлат дастури”, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида олиб борилаётган мана шундай ишлар мазкур масалага давлат ва ҳукумат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан дарак беради.
Тадбир иштирокчилари талабалар турар жойидаги шароитлар билан танишди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА