Оролбўйида “Мустақиллик тўйи” фестивали
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш мақсадида байрамга бағишланган маданий-маърифий тадбирлар бутун юртимиз бўйлаб бошлаб юборилди.
Олис овуллардан тортиб, шаҳар ва туман марказларигача байрам нафаси кириб келиб, халқимизга кўтаринки кайфият улашмоқда.
Ана шундай тадбирларнинг давоми сифатида “Бир Ватан, бир халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак қурамиз!” шиори остида ўтказилган “Мустақиллик тўйи” фестивалини қайд этиш мумкин.

Нукус шаҳрида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни фестиваль ўтказилиши муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, бутун мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки руҳда ўтказилаётган фестивал ҳам халқимизни ягона мақсад йўлида бирлаштирадиган чинакам маданий-маърифий тадбирга айланди. Жумладан, тадбир кунлари таниқли адабиёт ва санъат намояндалари, ижодкорлар ҳамда санъаткорлар иштирокида ижодий учрашувлар, маърифий суҳбатлар ва маданий дастурлар ташкил этилди. Тўрт кун давом этган фестивал доирасидаги тадбирларга ёшлар, зиёлилар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, педагоглар, ижодкорлар, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жалб этилди. Албатта, бундай тадбирлар мустақиллигимизнинг 35 йиллигини кенг нишонлаётган халқимизга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларидан бири Бўзатов тумани “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғинида ҳам “Мустақиллик тўйи” фестивали юқори савияда ташкил этилди. Унда ҳудуд аҳолиси, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этишди.

Тадбир давомида Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини кенг нишонлаш, Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Байрам тадбири туман маданият бўлими ходимлари томонидан тайёрланган байрам концерт дастури билан якунланди.
Оролбўйида юқори савияда ўтказилган фестиваль иштирокчиларга унутилмас таассурот улашиб, Мустақиллик байрамининг шукуҳи ва тантанасини янада оширди.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири