Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ходимлари Орол денгизининг қуриган тубида шўрланган тупроқларда етиштириш учун мос келадиган ўсимлик турларини аниқлаш бўйича синовлар ўтказмоқда.
Бунда ўсимликларнинг нафақат экстремал шароитларга мослашиш қобилиятига, балки экотизимнинг биологик функцияларини тиклаш имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўсимлик қопламини тиклаш тупроқни барқарорлаштириш, чанг бўронлари даражасини пасайтириш ва минтақадаги микроиқлим шароитларини яхшилашга ёрдам беради.
Синов ишлари натижаларига кўра, шўрланган ерларда ўсишга энг мослашган ўсимликлар аниқланади ва ишлаб чиқаришга тавсия этилади. Олинган маълумотлар чўлланишга қарши курашиш ва Орол ҳудуди экотизимини тиклаш бўйича стратегияларни ишлаб чиқишга ёрдам беради, бу эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА