Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқларига асосан Орол денгизининг қуриган тубида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
–Жумладан, тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган ўсимликлар майдонларини кенгайтириш, ҳудудда ердан фойдаланиш унумдорлигини ошириш, сув тежовчи ҳамда тузни камайтирадиган технологияларни жорий қилиш назарда тутилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директорининг илм ва ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Камолиддин Идирисов.
– Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази, Биоорганик кимё институти ҳамда Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти олимлари томонидан Оролбўйи халқаро инновация маркази билан ҳамкорликда Орол денгизи қуриган манзилининг 6 та нуқтасида тажриба синовини амалга ошириш режалаштирилган.
Жорий йил 17-18 март кунлари белгиланган манзилларда Биоорганик кимё институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган “Биосолвент” – шўрланган тупроқдаги тузларни самарали ювиш воситаси билан ишлов берилди. Шўрланишга қарши ушбу препаратни қўллаш орқали тажриба асосида тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган 15 турдаги ўсимлик экилади ва тажриба синов ишлари олиб борилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири