Ўрмон агентлиги: 85 минг гектардан ортиқ майдонда зараркунандаларга қарши кураш
Пойтахтимизда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Исматилла Дўстмуродов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Ўрмон агентлиги ҳузуридаги Яшил боғларни бошқариш ўрмон илмий-тажриба маркази томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўрмон фонди ерларида ўсувчи дарахт ва буталарни турли зараркунанда ҳашаротлар, касалликлар ҳамда кемирувчилардан ҳимоя қилиш, зарарланган ўчоқларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўрмон фонди ерларида жами 144 минг 648 гектар майдонда мониторинг ишлари олиб борилди. Шунга асосан, 85 минг гектардан зиёд майдонда зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш тадбирлари амалга оширилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, сўнгги йилларда зараркунанда ва касалликлар боғларга катта путур етказмоқда. Мева боғларининг маҳсулдорлигини оширишда касаллик ва зараркунандалардан ўз вақтида ва сифатли ҳимоя тадбирларини бажариш асосий омиллардан бири саналади. Дарахтларнинг касалликлари – асосан замбруғлар, бактериялар, вируслар, шунингдек жонсиз омиллар таъсирида юзага келади. Улар манзарали дарахтларга катта зарар етказади, баъзан катта майдонларда дарахтларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Ҳозирда маҳаллий олимлар, соҳа вакиллари билан ҳамкорликда дарахтларни тўғри парваришлаш, турли касалликдан ҳимоялаш чоралари ишлаб чиқилиб, амалиётда тадбиқ этилмоқда.
Самарали усулларни кенг қўллаш орқали ўрмон экотизимларида табиий мувозанатни сақлаш, фойдали организмларга нисбатан салбий таъсирни камайтириш ҳамда зараркунанда ва касалликларнинг оммавий тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилди. Соҳага илмий асосланган ёндашувларни жорий этиш мақсадида Ўрмон агентлиги ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамкорликда зарарли организмларнинг тарқалишини чеклаш, уларни ўз вақтида аниқлаш, фитосанитар мониторинг ишларини такомиллаштириш ва қарши курашиш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Шу асосда республиканинг турли ҳудудларида соҳанинг малакали мутахассислари, ўрмон хўжаликлари вакиллари ҳамда тегишли ташкилотлар иштирокида ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди. Зараркунанда ва касалликлар аниқланган ҳудудларда тезкор чоралар кўриш ва амалга оширилган тадбирлар натижадорлигини баҳолаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Орол денгизининг қуриб қолган тубида экологик вазиятни барқарорлаштириш, саксовулзорларнинг фитосанитар ҳолатини яхшилаш мақсадида дарахт ва буталарда зараркунанда ҳамда касалликлар тарқалишининг олдини олиш, мавжуд яшил ҳудудларни сақлаб қолиш ва уларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида соҳа олимларининг илмий хулосалари асосида бир қатор ишлар амалга оширилди. Бунда ҳудудларнинг табиий-иқлим шароити, тупроқ хусусиятлари, ўсимликларнинг ҳолати ҳамда зарарли организмларнинг тарқалиш эҳтимоли инобатга олинган ҳолда ишлар ташкил этилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА