Буюк Британия элчиси ОКМКда бўлди
Олмалиқ кон-металлургия комбинатига Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тимоти Смарт ҳамда Буюк Британиянинг “Weir Minerals” компанияси вакиллари ташриф буюришди.
Меҳмонлар дастлаб 3-Мис бойитиш фабрикасида бўлишиб, корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари ва ситуасион бошқарув маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Қисқа фурсатда қуриб, ишга туширилган ушбу йирик ва замонавий фабрика меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Шундан сўнг, делегация аъзолари «Қалмоққир» конига ҳам ташриф буюриб, кончилик ишлари билан танишдилар.

Ташриф давомида «Weir Minerals» компаниясининг ОКМК билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш, замонавий технологик ечимларни жорий этиш, ишлаб чиқариш унумдорлиги ва операсион самарадорликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, томонлар ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилувчи инновасион технологияларни қўллаш ҳамда келгусидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

«Weir Minerals» компанияси жаҳоннинг етакчи инжиниринг брендлари (Metso, FLSmidth, Siyemens) қаторида ОКМКнинг 3-Мис бойитиш фабрикасини замонавий технологик ечимлар, юқори қувватли насослар ва майдалаш-бойитиш агрегатлари билан таъминлаш ҳамда уларга сервис хизмати кўрсатишда асосий ҳамкорлардан бири ҳисобланади.
ОКМК Ахборот хизмати