Эрон билан ҳамкорликда Самарқандда писта боғи ташкил этилмоқда
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажмини ошириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида интенсив боғдорчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада замонавий технологиялар асосида саноатлашган боғлар ташкил этиш, ҳосилдорлиги паст майдонларни реконструкция қилиш ва янги истиқболли навларни жорий этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
ОАВ учун контент тайёрлаш марказида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги етакчи мутахассиси Фаррух Мўминов иштирокида бўлиб ўтган брифингда мамлакатимизда саноатлашган интенсив боғ ва токзорлар ташкил этиш, мавжуд боғларни реконструкция қилиш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, жорий йилда 42,8 минг гектар майдонда саноатлашган интенсив боғлар барпо этиш белгиланган. Йилнинг баҳор мавсумида 19,2 минг гектар майдонда боғ ва токзорлар ташкил этилди. Шунингдек, 22,2 минг гектар яроқсиз боғ ва токзорлар реконструкция қилинди. Куз мавсумида эса яна 25,7 минг гектар майдонда янги замонавий боғ ва токзорлар барпо этиш режалаштирилган. Жумладан, эски боғ ва токзорлар ўрнида ўзлаштириладиган ерларда ҳамда ҳосилдорлиги паст пахта ва ғалла майдонлари ҳисобидан янги интенсив боғлар ташкил этилади. Бугунги кунга қадар боғ барпо этиш учун 13,9 минг гектар яроқсиз боғ бузилиб, ер майдонлари экишга тайёр ҳолатга келтирилди. Шунингдек, 4,6 минг гектар ер аукцион савдолари ва тегишли қарорлар асосида ажратилди.
Бунда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити алоҳида инобатга олинмоқда. Ҳар бир минтақа учун серҳосил, замонавий ва бозор талабига мос мева навларини танлаш ҳамда жойлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, соҳа мутахассисларига етказилган. Агентлик томонидан янги боғ ва токзорлар ташкил этишнинг илғор усулларига бағишланган кўргазмали-амалий семинарлар ҳам ўтказилмоқда.
Кузги мавсумдаги ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида агентлик томонидан 5 гектардан ортиқ майдонни қамраб олган 1 минг 717 та лойиҳа бўйича тадбиркорларга жами 20,2 минг гектар майдонда саноатлашган боғлар барпо этиш учун техник-иқтисодий асослар ва техник шартлар бепул ишлаб чиқилиб, ташаббускорларга тақдим этилган.
Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Эрон Ислом Республикаси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 1,3 минг гектар ер майдонида саноатлашган писта боғи ташкил этиш ишлари бошланган. Лойиҳанинг биринчи босқичида 500 гектар майдонда Эроннинг серҳосил, тўрт-олти йилда ҳосилга кирадиган ва гектаридан уч тоннагача маҳсулот бериш имкониятига эга писта навлари экилади. Айни пайтда ҳудудлар кесимида 25,7 минг гектар майдонда янги замонавий боғ ва токзорлар барпо этиш ишлари давом этмоқда. Мазкур ишлар нафақат боғдорчилик тармоғи салоҳиятини ошириш, балки қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қиймат яратиш, экспорт ҳажмини кенгайтириш ва янги иш ўринларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА