9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Кимё фанлари доктори, профессор Юрий Курбатов ҳақида сўз кетса, ҳақли равишда Самарқанд давлат университети органик кимё илмий мактабининг асосчиси сифатида эсланади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фаолияти сустлашган СамДУ кимё факультетига доцент Юрий Курбатов келиши билан илмий тадқиқот ишлари жонланади. 1964-1996 йилларда органик кимё кафедрасига мудирлик қилган олим фаолияти давомида янги турдаги органик реакцияларга асос солди.
Унинг истеъдоди, меҳнатсеварлиги, қатъиятлиги ва келажакни кўра олиш қобилияти кўплаб шогирдлар тарбиялашга, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлашга имкон берди. Профессор Юрий Курбатов раҳбарлигида ўнга яқин фан номзоди ва фан докторлари тайёрланди. У реакцияларнинг янги турларини кашф этди, халқ хўжалиги ва тиббий эҳтиёжлар учун фойдали хусусиятларга эга органик бирикмаларни ишлаб чиқаришнинг янги усулларини ишлаб чиқди. У таклиф қилган “анион-радикал” реакцион механизм жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан тан олинган ва органик кимё дарсликларига киритилган.
Изланишлари натижаларига кўра олим 300 га яқин илмий иш, жумладан, 4 ўқув қўлланма, 2 монография, 10 га яқин ўқув-услубий қўлланма ва маъруза матнларини нашр эттирган. Унинг илмий қизиқишлари доираси кенг эди. Юрий Курбатов академик Обид Содиқов мактабининг муносиб давомчиси сифатида фундаментал назарий ва синтетик органик кимё ривожига қўшган ҳиссаси туфайли нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида эътироф этилган.
Юрий Курбатовнинг илмий ишлари устозлари ва издошлари билан биргаликда энг нуфузли халқаро илмий форумларда, Менделеев конгрессларида тақдим этилган.
Массачусетс университети (AҚШ) аспиранти Берглунд Брюс профессор Курбатов раҳбарлигида илмий стажировка ўташ учун келган, бу унинг илмий изланишлари дунё миқёсида тан олинганидан далолат беради.
Профессор Курбатовнинг турмуш ўртоғи ва яқин издоши доцент Ада Курбатова юқори малакали ўқитувчи ва тадқиқотчи эди. Унинг раҳбарлигида тайёрланган кимёгар мутахассислар орасида Қозоқ давлат университети профессори, кимё фанлари доктори, Давлат мукофоти лауреати В.Юриев, доцент Д.Тўраева, доцент М.Солиҳова, кимё фанлари номзоди В.Мурадян ва бошқалар турли соҳаларда меҳнат қилмоқда.
СамДУ органик кимё илмий мактаби асосчиси профессор Курбатовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
Норйигит Мусулмонов,
Самарқанд давлат университети кимё факультети декани, техника фанлари номзоди