Эл-юрт ардоғидаги забардаст олим
Негматов мактабининг сабоқлари
Бу инсонни республикамизда кўпчилик танийди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, Халқаро олий таълим академияси академиги, Беларусь Миллий фанлар академиясининг Механика ва полимер тизимлар институти Фахрий фан доктори, техника фанлари доктори, профессор Сойибжон Содиқович Негматов 1941 йил 16 апрелда Андижон шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топди.
Болаликда илмга ҳурмат, меҳнатсеварлик, хушмуомалалик ва кенг фикрлаш хусусиятлари ўз даврининг обрўли, маърифатли инсонлари бўлган бобоси Неъматжон Мусобек ҳожи ўғли ва отаси Неъматов Содиқжондан мерос бўлиб ўтганди. Қатъиятли, талабчан, ўткир зеҳнли Сойибжоннинг қалбида санъатга, мусиқага ва шеъриятга муҳаббати беқиёс бўлиб, унинг ноёб, ширали овозининг муҳлислари кўп бўлган. Мусиқа унинг ички дунёси, маданияти ва ҳаётни ҳис қилиш тарзининг ажралмас қисмига айланган эди.
Сойибжон Негматовнинг бутун ҳаёти илм-фан билан чамбарчас боғлиқ кечди. У нафақат йирик олим, балки мамлакатимизда композицион материаллар, механокимё ва полимер композитлар соҳасида мустақил илмий мактаб ярата олган кам сонли мутафаккир олимлардан бири сифатида эътироф этилади. Унинг илмий фаолияти ва илмий мактаби нафақат мамлакатимизда, балки халқаро илмий доираларда ҳам катта эҳтиром билан тан олинганлигини қайд этиб ўтишимиз керак.
Негматовнинг илмга бўлган қизиқиши Тошкент политехника институтида таҳсил олган даврларидан бошланиб, у ўзини кенг фикрлайдиган, тинимсиз изланувчан ва янги ғояларга интилувчи олим сифатида намоён эта бошлади. Табиатидаги меҳнатсеварлик, интизом ва чуқур таҳлил қилиш қобилияти кейинчалик катта илмга олиб кирган муҳим омиллардан бири бўлди.
Илмий жиҳатдан шаклланишида, албатта, ўша даврнинг йирик олимлари ва илмий муҳити катта аҳамият касб этди. Докторлик диссертацияси устида ишлаган йиллар Негматов ҳаётида алоҳида босқич бўлди. Москвадаги СССР Фанлар академияси қошида академик Семёнов номидаги Кимёвий физика институтида академик Н.С.Ениколопов илмий раҳбарлиги ва Б.А.Шипилевский, С.С.Берлин, В.А.Белий каби машҳур олимлар билан узвий мулоқатда олиб борилган изланишлар ортида заҳматли меҳнат, ўзига ўта талабчанлик ва юксак илмий муҳит турарди. Олимлик фаолияти ва илмий фикрлаш услуби шаклланишида академиклар М.Т.Ўразбоев, Х.У.Усмонов, М.А. Асқаровларнинг таъсири бениҳоя кучли бўлган.
Унинг илмий фаолиятида назария ва амалиёт доимо уйғун бўлиб келган. Сойибжон Негматов илмни ҳаётдан ажратмаган олимлардан. Олим назарида ҳар бир илмий ғоя амалда ишлаши, мамлакат иқтисодиёти ва саноатига фойда келтириши лозим эди. Шу сабаб, унинг раҳбарлигида яратилган технологиялар тоғ-кон металлургияси, нефть-газ, машинасозлик, қурилиш ва кимё саноатида кенг қўлланилмоқда.
Айниқса, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида жорий қилинган мис ишлаб чиқаришнинг чиқиндисиз технологияси комбинатга йилига қўшимча равишда йилига 792,58 т мис, 43,39 кг олтин ва 10,915 т кумуш ишлаб чиқариш ҳисобига 20,1 млн АҚШ доллари иқтисодий самара бермоқда.
Шу билан бирга, академик С.С. Негматов ва шогирдлари томонидан ишлаб чиқилган маъданлардан металларни флотация қилиб ажратиб олиш жараёнида қўллаш учун импорт қилиниб қўлланилаётган қимматбахо Т-92 кимёвий флотореагент ўрнини боса оладиган, ундан 1,5-2 марта арзон бўлган махаллий хомашёлар асосида янги композицион кимёвий флотореагентлар ишлаб чиқилган бўлиб, уларни ишлаб чиқариш технологияси асосида Тошкент вилояти Мирзо Улуғбек туманида флотореагентни ишлаб чиқариш учун қуввати йилига 2500-3000 тоннага тенг минизавод қурилиб, ишга туширилди ва “Олмалиқ КМК” АЖда қўллаш учун ишлаб чиқарилган флотореагент тажриба синовларидан яхши натижалар билан амалга оширилди.
Нефт-газ саноатида импорт ўрнини босувчи реагентлар, композицион материаллар ва янги технологик ечимлар яратилиши С.С.Негматов раҳбарлигидаги илмий жамоанинг йирик ютуқларидан бири бўлиб келмоқда.
Сойибжон Негматов фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан бири — у яратган илмий мактабдир. Чунки ҳақиқий олим нафақат илмий натижа қолдиради, балки ўзидан кейин фикрлай оладиган, излана оладиган ва илмни давом эттира оладиган кучли авлодни ҳам тарбиялайди.
Негматов айнан шундай олимлар сирасига киради. Унинг атрофида йиллар давомида турли авлод вакиллари, ёш тадқиқотчилар, муҳандислар ва олимлар жамланди. Бу ижодий муҳитда фақат илмий иш эмас, балки илмга муносабат, тадқиқот маданияти, кенг фикрлаш ва масъулият шаклланганини кўрамиз.
Унинг раҳбарлигида 27 нафар фан доктори ва қарийб 90 нафар фан номзоди тайёрлангани бежиз эмас. Бироқ бу ерда гап фақат рақамларда эмас. Энг муҳими, у яратган илмий мактабнинг натижадорлиги ва барқарорлигидадир. Академик Негматов 28 та монография, 800 дан ортиқ илмий мақола, 80 дан ортиқ ихтиро ва патентларнинг муаллифи ҳисобланади. Унинг илмий ишлари дунёнинг турли мамлакатларидаги халқаро конгресс, симпозиум ва конференцияларда тақдим этилган.
Сойибжон Негматов шахсияти ҳақида сўз кетганда, унинг ташкилотчилик қобилияти алоҳида эътиборга лойиқ жиҳатлардан бири сифатида тилга олинади. У киши нафақат йирик олим ёки раҳбар, балки мураккаб жараёнларни бир тизимга сола оладиган, турли инсонлар ва йўналишларни умумий мақсад атрофида бирлаштиришга қодир ноёб ташкилотчилиги шахсиятининг ажралмас қисми бўлиб, бутун ҳаёти ва фаолияти давомида намоён бўлиб келади. Шунинг учун у бутун умри давомида энг мураккаб вазифаларни ҳам зиммасига олишдан қўрқмай, доимо янги марралар ва юксак мақсадлар сари интилиб келмоқда.
Сойибжон Негматовнинг илмий фаолияти, раҳбарлик салоҳияти ёки яратган илмий мактаби қанчалик муҳим бўлмасин, у кишини яқиндан билганлар аввало унинг инсоний фазилатларини тилга оладилар. Чунки Негматов шахсиятида чуқур билим, бой ҳаётий тажриба ва кенг тафаккур энг аввало, юксак инсонийлик билан уйғунлашган. У билан мулоқот қилган инсон унинг илмидан аввал одамларга бўлган муносабатини ҳис қилади.
Негматов табиатан одамларга бефарқ бўлолмайдиган инсонлар тоифасига мансуб. Бу жиҳат нафақат оиласи ва яқинларига муносабатида, балки шогирдлари, ҳамкасблари ва атрофидагилар билан мулоқотида ҳам яққол кўзга ташланади. У суҳбатдошини ҳеч қачон шоширмайди, аввало диққат билан тинглайди, кейин эса ҳар бир масалага мулоҳаза ва масъулият билан ёндашади. Кўпчилик унинг олдига турли масалалар билан мурожаат қилади. Бироқ уларнинг аксарияти у ердан фақат маслаҳат билан эмас, балки инсонни тушунадиган, дардига шерик бўла оладиган самимий муносабат, бағрикенглик ва маънавий далда билан қайтадилар.
У кишининг ҳаётида инсон қадри ҳамиша муҳим ўринни эгаллаб келади. Илмий унвон, мансаб ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, одамларга юксак ҳурмат билан муносабатда бўлиш Негматовнинг ҳаётий тамойилларидан биридир. Шунинг учун ҳам турли авлод вакиллари домланинг атрофида табиий ҳолда жам бўладилар. Ёшлар ундан йўл-йўриқ ва ҳаётий тажриба изласа, катта авлод вакиллари оқибатлилик, инсонийлик ва тафаккур кенглигини қадрлайдилар.
Академик Сойибжон Негматовнинг маънавий-руҳий дунёсида оила алоҳида ўринни эгаллайди. Домла учун оила — инсон ҳаётининг энг муҳим таянчи, унинг маънавий қиёфаси шаклланадиган муқаддас маскан! Шу боис, у оилавий ришталарни асрашга, яқинлари билан меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни мустаҳкамлашга доимо катта аҳамият қаратиб келади. Катта оила муҳитида бир-бирининг ҳолидан хабар олиш, қувонч ва ташвишларни биргаликда баҳам кўриш, зарур пайтда суянчиқ бўлиш Негматов ҳаёт тарзининг ажралмас қисмини ташкил этади. Унинг наздида инсоннинг ҳақиқий бойлиги, аввало, оиласи ва яқинлари билан қурилган мустаҳкам ришталарда яққол намоён бўлади.
Айниқса, фарзандлари ва неваралари билан муносабатларида Негматов табиатининг энг нозик ва чуқур қирралари намоён бўлади. Домла зурриётларининг таълими, қизиқишлари, ҳаётдаги танловлари ва ички кечинмаларига доимо бефарқ бўлмаган. Бироқ бу эътибор ҳеч қачон қаттиқ назорат ёки ўз иродасини мажбуран сингдириш шаклида намоён бўлмаган. Аксинча, у ҳар бир инсоннинг шахсий қадрияти ва мустақил фикрлаш ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда, масъулиятни ҳис қилиш, ҳалол меҳнат қилиш ва ўз ҳаёт йўлини онгли равишда танлаш каби қадриятларни шахсий намунаси орқали сингдириб келган. Шу боис фарзандлари ва неваралари уни нафақат оила бошлиғи, балки ишончли маслаҳатгўй ва маънавий таянч сифатида қабул қиладилар.
Домла яқинларининг таъкидлашича, Сойибжон ака ҳаётдаги энг оғир паллаларда ҳам одамларни ёлғиз қолдирмайди. У инсоннинг муаммосини фақат эшитиб қўймайди, балки имкон доирасида унга ечим топишга, керак бўлса, масъулиятни ўз зиммасига олишга ҳам тайёр туради. Оқибатлилик ва садоқат унинг табиатига сингиб кетган фазилатлардан. Шунинг учун ҳам атрофидаги дўст-биродар ва шогирдлари уни нафақат етук олим ёки тажрибали раҳбар, балки ишончли ва суянадиган инсон сифатида чуқур ҳурмат қиладилар.
Негматов табиатидаги яна бир муҳим хусусият — кечиримлилик ва оқибат туйғусидир. У киши талабчан инсон бўлишига қарамай, хатосини англаб келган одамга иккинчи имконият беришни билади. Чунки у инсонга фақат унинг бугунги ҳолати нуқтаи назаридан эмас, балки ички салоҳияти ва ҳаёт йўли нуқтаи назаридан қарашга интилади. Бу эса бағрикенглик, ғамхўрлик ва инсон тақдирига бефарқ эмаслик туйғусининг ажойиб кўринишидир.
Унинг ҳаёт тарзида маънавият баланд шиорлар ёки расмий нутқларда эмас, балки кундалик муносабатларда намоён бўлади. Одамларга муносабатдаги эҳтиром, сўздаги вазминлик, оилага бўлган садоқат, илмга нисбатан ҳалол муносабат ва ўз зиммасига олган масъулиятни охиригача адо этиш — буларнинг барчаси Негматов шахсиятининг ажралмас қисмига айланган, десак муболаға бўлмайди. У киши учун маънавий жасорат оддийгина тушунча эмас, балки ҳар куни амал қилинадиган ҳаёт тарзига айланиб улгурган.
Сойибжон Негматовни яқиндан билган инсонларда кўпинча бир хил таассурот қолади: у киши билан мулоқотдан кейин инсон фақат билим ёки маслаҳат эмас, балки ички хотиржамлик ва ишончни ҳам олади. Унинг ҳузурида бўлган киши ўзини эшитилган ва тушунилган инсон сифатида ҳис қилади. Эҳтимол, унинг атрофида турли авлод вакиллари йиллар давомида жам бўлиб келаётганининг сабаби ҳам айнан шундадир. Чунки ҳақиқий маънавият инсоннинг сўзларида эмас, балки у яратаётган тоза муҳитда, одамлар тақдирида ва атрофдагилар қалбида қолдираётган таъсирида намоён бўлади. Сойибжон Негматов шахсиятида айнан шу фазилатлар — инсонийлик, оқибат, масъулият ва маънавий баркамоллик уйғунлашганини яққол кўриш мумкин.
Бугунги кунда ҳам илмий фаолиятини тўхтатмаган, ҳамиша изланишда бўлган академик С.С. Негматов ўзи асос солган “Фан ва тараққиёт” давлат муассасасига 1990 йиллардан буён раҳбарлик қилиб келмоқда. Устоз Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, юртимизни ривожланган мамлакатлар қаторига қўшишга қаратилган Фармон ва Қарорлари ижросини таъминлаш борасида илм-фан тараққиёти, ёш кадрлар тарбияси ва янги илмий йўналишлар ҳақида ўйлашдан тўхтамаган ҳолда юртимиз равнақи ва иқтисодиётмиз ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Гапнинг очиғи, бундан ўн йиллар бурун ана шу таниқли инсон қўлида ишлаш каминага ҳам насиб этган эди. Ўшанда Сойибжон аканинг бағрикенглиги, одамийлиги, олимлик ва ташкилотчилик салоҳиятига тан берганман.
Фурсатдан фойдаланиб, эл-юрт ардоғидаги забардаст олим-мураббий, бағрикенг ва олийжаноб инсон, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Сойибжон Содиқович Негматовни 85 ёши билан муборакбод этар эканмиз, устозга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр тилаб қоламиз.
Бахтиёр Омонов,
сиёсий фанлар доктори,
Ўзбекистон миллий университети профессори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси