Андижон вилояти Педагогик маҳорат марказида Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан устама олишга номзод умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларнинг билим ҳамда малакасини юксалтириш, шу орқали уларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда вазир устамаси учун ўтказилаётган икки босқичли саралаш ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.
[gallery-21943]
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама олиш учун номзодларни икки босқичли саралашдан ўтказиш белгиланган, – дейди Андижон шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб директори, аудитория раҳбари Абдурашид Бойбобоев. – Хусусан, биринчи босқич – тест синовини белгиланган тартиблар асосида юқори савияда ўтказиш учун зарур барча шароитлар яратилган.
Табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар ҳамда аниқ ва хорижий тиллар фанлари бўйича ўтказилаётган тест синовида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг вазир устамасига номзод 300 нафар ўқитувчиси ўз билимларини синовдан ўтказади.
– Малака тест синови ўқитувчини ўз устида тинимсиз ишлашга, билимларини мунтазам бойитиб боришга ундовчи муҳим тадбирлардан ҳисобланади, – дейди Хўжаобод туманидаги 40- давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарих фани ўқитувчиси Камолиддин Қодиров. – Жумладан, мен ҳам очиқ-ошкора, шаффоф тарзда ташкил этилган тест синови орқали ўз билимларимни синовдан ўтказдим, 82 балл жамғариб, кейинги боқичда қатнашиш имконига эга бўлдим.
Белгиланган фанлар бўйича 4 сменада “test.uzedu.uz” платформаси орқали компьютерда реал вақт режимида ўтказиладиган тест синовидан 80 дан юқори балл олган номзодлар саралашнинг иккинчи босқичида иштирок этади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари