Ўқитувчилар учун ипотека субсидияларига ариза қабули бошланади
Маълумки, ўтган йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2026 йил мамлакатда барча соҳаларни, жумладан давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишларни ривожлантиришда муҳим бурилиш йили бўлиши таъкидланган эди.
Шу асосда мамлакатимизда таълим тизимини янада такомиллаштириш, педагогларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
2026 йилдан бошлаб камида 15 йиллик иш стажига ва олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга педагогларга ипотека кредитлари бўйича давлат субсидияси ажратилади.
Унга кўра, ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Мазкур мақсадлар учун 2026 йилда давлат бюджетидан 200 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Субсидия олиш учун педагоглар Давлат хизматлари марказлари, my.gov.uz портали, мобил иловалар орқали ариза топширишлари мумкин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, педагоглар учун ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар қабули 20 апрель куни соат 14:00 да бошланади. Аризалар электрон тарзда кўриб чиқилади. Бунда талабгорнинг шахсий маълумотлари — иш стажи, малака тоифаси, даромади ва кредит тарихи — давлат ахборот тизимлари орқали автоматик равишда текширилади.
Ижобий хулоса берилган ҳолларда фуқаро банкни танлаб, бирламчи бозордан ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Тартибга кўра, субсидия фақат бир марта берилади. Фақат бирламчи уй-жой бозорига татбиқ этилади. Ариза берувчи ва турмуш ўртоғи номида икки ва ундан ортиқ уй-жой бўлмаслиги керак.
Мазкур дастур педагогларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда таълим соҳасида малакали кадрларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Давлат субсидиялари педагоглар учун муҳим молиявий енгиллик яратиб, соҳада барқарорликни таъминлашга йўналтирилган.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА