Ипотека субсидиялари учун аризалар 16 мартдан қабул қилинади
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, 2026 йил 16 март куни соат 14:00 дан бошлаб ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар қабул қилиниши бошланади. Фуқаролар аризаларни Давлат хизматлари марказлари, myGov мобил иловаси ёки my.gov.uz портали орқали топширишлари мумкин.
Субсидия олиш учун ариза берувчи ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш натижасига кўра камида 30 балл тўплаши лозим. Шунингдек, унинг кредит тарихи дастурда иштирок этаётган камида битта тижорат банкининг ички талабларига мос келиши талаб этилади.
Бундан ташқари, ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида республика ҳудудида мулк ҳуқуқи асосида турар жой бўлмаслиги шарт. Фуқаронинг ўртача ойлик даромади ҳам белгиланган ижтимоий мезонлар доирасида бўлиши керак.

Ариза бериш жараёнида OneID тизими орқали иштирокчи тижорат банкларига кредит тарихини баҳолаш учун зарур маълумотлардан фойдаланишга рухсат берилган бўлиши зарур. Шунингдек, кредит тарихини олишга чеклов ўрнатилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда, ариза кўриб чиқилмай рад этилиши мумкин.
Маълум қилинишича, субсидияли ипотека кредитлари дастурида 14 та тижорат банки иштирок этади. Жумладан, “Агробанк”, “Алоқабанк”, “Асакабанк”, “Asia Alliance Bank”, “Бизнесни ривожлантириш банки”, “Ҳамкорбанк”, “Ипак йўли” банки, “Ипотекабанк”, “Микрокредитбанк”, “Ориент Финанс”, “Трастбанк”, “Туронбанк”, “Халқ банки”, “Ўзмиллийбанк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк”.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан давлат дастури доирасида тақдим этиладиган ипотека кредитлари миқдори оширилди. Янги тартибга кўра, Тошкент шаҳрида битта квартира учун 480 миллион сўмгача, ҳудудларда эса 380 миллион сўмгача ипотека кредити ажратилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА