Ўқитувчилар очиқ дарслар ва амалий семинарларда иштирок этишмоқда
Жиззах вилоятида таълим соҳасида изчил ислоҳотлар самарасини оширишга қаратилган муҳим тадбир бўлиб ўтди. Педагогик маҳорат марказида ташкил этилган матбуот анжуманида “Таълим сифатига хизмат қилаётган тизимли ислоҳотлар: натижалар ва истиқболлар” мавзуси муҳокама қилинди.
Анжуманда марказ директори Ижод Аҳмедов, вилоят директорлар кенгаши раисининг ўринбосари Дилмурод Каримқулов, профессор-ўқитувчилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Мулоқот давомида иштирокчилар педагогик малака ошириш жараёнлари, ҳудудларда амалга оширилаётган методик хизматлар ҳамда инновацион ёндашувлар борасида батафсил маълумот олишди.

Марказ директорининг таъкидлашича, 2025 йил давомида 13 мингдан зиёд педагог малакасини ошириш дастури доирасида белгиланган режа тўлиқ бажарилган. Янги жорий этилган “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” платформалари орқали юзлаб ўқитувчилар мунтазам равишда очиқ дарслар ва амалий семинарларда иштирок этмоқда.
Ҳудудларда манзилли методик ишлар ҳам кенг йўлга қўйилган. 2025 йилда 39 та мактабда 993 нафар педагогни қамраб олган методик тадбирлар ташкил этилган, шунингдек, “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ҳафталик 72 соатлик махсус машғулотлар олиб борилган. Беш ҳудуддаги 12 та “қизил” тоифадаги мактабда алоҳида курслар йўлга қўйилган.
Марказда рақамлаштириш йўналиши ҳам кенгайтирилмоқда. 17 та аудитория замонавий техник воситалар билан жиҳозланган: видеопроектор, интерактив доска, компьютер, ноутбук ва VR қурилмалари орқали педагоглар амалиётни такомиллаштирмоқда. Давомат FaceID орқали назорат қилинади, сертификатлар esa onlinedu.uz платформаси орқали тақдим этилади.

Халқаро ҳамкорлик ҳам самарали йўлга қўйилган. Малайзия, Япония ва Россиянинг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий семинарлар ташкил этилган, шунингдек, Президент мактаблари, олий таълим муассасалари ва Миллий гвардия ўқув марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Вилоят директорлар кенгаши раиси ўринбосари Дилмурод Каримқулов соҳадаги тизимли ишлар ҳақида сўзлаб, директорлик вакант лавозимлари масаласига ҳам тўхталди. У таъкидлаганидек, ҳозирда 44 та мактабда директорлик лавозими бўш, бироқ юздан зиёд номзодлар суҳбатдан ўтиб, ўз фаолиятларини бошлашган. Янги тайинланган директорлар жамоа билан ҳамкорликда иш бошлаши, режалаштирилган ишларини амалга ошириши диққат марказида бўлади.
Анжуман якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ва истиқболлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири