Ижтимоий тармоқларда “Қорақалпоғистонда ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олиш ишларига мажбурий жалб қилинаётган бўлиши мумкин” мазмунидаги маълумот тарқалди.
Ушбу ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан назоратга олиниб, ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида Беруний туманидаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактабида жами 76 нафар ишчи-ходим фаолият юритаётгани, мактаб жамоаси тўлиқ рўйхатдан ўтказилгани, ўқувчиларнинг ота-оналарини рўйхатга олиш бўйича ўқитувчиларга ҳеч қандай топшириқ берилмагани, шунингдек, педагог ходимлар мажбурий қўшимча ишларга жалб этилмагани маълум бўлди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралигача мамлакатимизда “Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш” тадбирларини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ушбу рўйхатга олиш ишлари маҳалла еттилиги томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таълим муассасаларида педагог ходимларни уларга тегишли бўлмаган ишларга мажбурий жалб этишга йўл қўйилмаслигини яна бир бор эслатади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА