Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида «Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришларига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди.
"Таълим соҳасини ислоҳ этиш, бунинг учун ўқитувчиларнинг жамиятда энг обрўли қатламга айлантириш орқали юртимизни янада ривожлантириш мумкин, – деди депутат Ғайрат Абдиев. – Зеро, жамиятда инсон ресурсини шакллантиришда ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли ўқитувчиларнинг ишга, ҳаётга муносабати тубдан ўзгариб, улар доимий изланиб, янгиликка интилиб яшамоқда. Аммо шунга қарамай, ҳали-ҳануз педагоглар маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар, кўргазмаларни ташкил этиш, туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш каби ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этилмоқда. Хусусан, сўнгги уч йилда 350 нафарга яқин педагоглар мажбурий меҳнатга жалб этилган. Бу каби нотўғри амалиётнинг шаклланганлиги эса мактабларда педагогларнинг таълим бериш жараёнларига тўлиқ тайёрланиш, ўқувчиларга сифатли таълим бериш ишларига салбий таъсир кўрсатяпти. Шу боис қонун лойиҳаси билан эндиликда педагогларни бирон-бир шаклда маъмурий тарзда бошқа ишларга мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Ҳатто 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинади ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Қонунга хилоф равишда педагогларнинг касбий фаолиятига аралашиш ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор учун эса 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қатор аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилди, ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. Таъкидландики, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши таълим муассасасининг педагог ходимини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтиради.
Муҳокама ва баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА