Ўқитишга илғор хорижий тажрибалар жорий этилмоқда
Андижон давлат чет тиллари институтида Британия кенгаши мутахассислари иштирокида “Рефлектив машқлардан самарали фойдаланиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Андижон давлат чет тиллари институти хорижий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, инглиз тили ўқитувчилари тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш борасида Британия Кенгаши билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ушбу ҳамкорлик доирасида ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, таълим дастурларини замонавий талабларга мослаштириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш йўналишида ишлар олиб борилмоқда.

Британия кенгаши мутахассислари, институтнинг инглиз тили йўналиши ўқитувчи ва талабалари иштирокидаги “Рефлектив машқлардан самарали фойдаланиш” мавзусида амалий семинар ҳам ана шу йўналишдаги тадбирлардан бири бўлди.

Семинар давомида иштирокчилар инглиз тилини ўқитиш ва ўрганишда илғор педагогик технологиялардан фойдаланиш, дарс жараёнида рефлектив ёндашувнинг ўрни, талабаларда танқидий ва мустақил фикрлаш компетенцияларини шакллантириш усуллари, ўқитувчиларнинг ўз фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш механизмлари бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганди.
Якунда семинарнинг натижадорлиги юзасидан ўзаро фикр алмашилди, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари