Ўқишга киритиб қўймоқчи эди...
Фарғона вилоятида энг кўп содир этилаётган жиноятлардан бири фирибгарликдир.
Орамиздаги баъзи “уддабуронлар” одамларнинг соддалигидан фойдаланган ҳолда уларни чув туширмоқда. Айниқса, олий ўқув юртларига ўқишга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кўп кузатилмоқда.
Ўқишга киришда тест синовлари шаффофлик билан ўтказилиши йўлга қўйилган бўлсада, қинғир йўлларни ахтаришмоқда. Ана шундай нопок ишларга тизимда ишлаётганларнинг қўл уриши эса ачинарлидир.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Қўқон давлат педагогика институтида ана шундай ҳолатга чек қўйилди. Банк мутахассиси С.А. танишининг фарзандини юқори ташкилотларда ишловчи таниши орқали Қўқон давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетига ўқишга киритиб қўйишга ваъда беради. Албатта, у “хизмат ҳақи” 4 минг АҚШ доллари эканлигини айтган. Мазкур айтилган пулни олаётган вақтда қўлга олиниб, тезкор тадбир давом эттирилади.
Қўқон давлат педагогика институтининг декани Ҳ.Х. таниши С.А.дан танишининг фарзандини ўқишга киритиб қўйиш учун 4 минг АҚШ долларини олган пайтда далилий ашё билан ушланган. У жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмаган.
Жиноят ишлари бўйича Данғара туман суди томонидан судланувчиларга қилмишига яраша жазо тайинланди.
Н.Бозорова, ЎзА мухбири