Адабий дўстлик – абадий дўстлик
Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида юртимиздаги “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан нашр этилган икки китоб – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Асқар Маҳкамнинг “Ишқ гули” ҳамда Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси Ўринбой Усмоннинг “Танланган асарлар” тўпламлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Юзлаб китобхонлар, адабиётшунослар, шоир ва ёзувчилар иштирок этган тадбир ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, адабий ва маданий ҳамкорликнинг ўзига хос байрамига айланди.
Тақдимотда икки мамлакат етакчилари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли ўзбек ва тожик халқлари муносабатлари янги босқичга кўтарилгани, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий асос солган адабий дўстлик анъаналари изчил давом эттирилаётгани таъкидланди.

Йиғинда Сўғд вилояти ҳокимлигининг ижтимоий тараққиёт ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими мудири, филология фанлари доктори Тожибой Султонзода, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи Сўғд вилояти бўлими раҳбари, халқ шоири Аҳмаджон Раҳматзод ҳамда Тожикистон халқ шоираси Фарзона Хўжандий сўзга чиқди.
Иштирокчилар Асқар Маҳкам ва Ўринбой Усмон ижодининг икки мамлакат адабий ҳаётидаги ўрни, уларнинг халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасига алоҳида тўхталишди.

Хусусан, Аҳмаджон Раҳматзод Асқар Маҳкамнинг форс-тожик адабиётини чуқур билгани, Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асаридан парчаларни ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилганини қайд этди. Шунингдек, Ўринбой Усмоннинг тўрт жилдлик “Сайланма”си Тожикистонда, “Танланган асарлар” тўплами эса Ўзбекистонда нашр этилгани ижодкор асарларига икки мамлакатда ҳам қизиқиш юқори эканидан далолат бериши таъкидланди.
“Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нурулло Чори Ўринбой Усмон ижодининг ўзига хос жиҳатлари, унинг инсон руҳиятини тасвирлаш маҳорати ҳақида фикр билдирди. Адибнинг “Танланган асарлар” тўпламига ёзувчи, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад сўзбоши ёзгани ҳам қайд этилди.
“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири ўринбосари, адабиётшунос Алимурод Тожиев эса Асқар Маҳкам шеъриятида ҳалоллик, ростгўйлик ва ҳақиқат ғоялари устувор эканини тилга олиб, шоирни ўзбек адабиётида илоҳий ишқни ўзига хос руҳда тараннум этган ижодкор сифатида эътироф этди.

“Ватандошлар” жамоат фонди вакили Жавоҳир Раҳимов хорижда ўзбек тилида ижод қилаётган адибларни қўллаб-қувватлаш фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири эканини қайд этди. Жумладан, сўнгги йилларда тожикистонлик ижодкорлар Сайфулла Қулаев, Султонмурод Ҳожибоев, Жамшид ва Солиҳа Назар асарлари, шунингдек, “Тожикистон ўзбек адабиёти” антологияси нашр этилгани маълум қилинди.
Анжуман давомида Ўзбекистон ва Тожикистон санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар, жумладан, “Нури Хўжанд” шашмақом ансамбли вакилларининг чиқишлари адабий кечага ўзгача файз бағишлади.
Таъкидлаш керакки, мазкур адабий тадбир ўзбек ва тожик халқларини боғлаб турган муштарак маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, ижодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда икки ўлка ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, дейиш мумкин.
Ораш Акабоев, ЎзА