"Оқ олтин"ни меҳнаткаш қўллар яратади (+видео)
Жиззах вилоятининг Арнасой тумани далаларида пахта терим машиналари жадал ҳаракатланмоқда.
Бу майдон Арнасой туманидаги Мустақиллик сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида жойлашган “Сориев Жўрабек” фермер хўжалигига қарашли. 27 гектар майдонда Хитой селекциясига мансуб “57” навли ғўза қўшқатор усулида етиштирилган. Бугун эса шу ерда ҳосилни йиғиб олиш жараёни кечмоқда.
Терим машиналари дала бўйлаб олға силжиган сари пахта эгатларида из қолади. Машиналар бир маромда ҳаракатини давом эттиради, даладаги иш эса узлуксиз давом этади. Бу манзарага қараб, фермернинг нега айнан қўшқатор усулига эътибор берганини англаш қийин эмас.

– Илгариги йилларда якка қатор усулида экилган майдонлардан гектарига 35-40 центнердан ҳосил олганмиз. Бу йил қўшқатор усулида етиштирилган пахтадан гектарига 60–65 центнергача ҳосил олишни кўзлаяпмиз. Ҳозирги терим жараёнидаги кўрсаткичлар бунга умид уйғотмоқда, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Рафаэл Шарапов.
Арнасойда бу йил пахтачилик мавсуми ҳам катта вазифалар билан бошланган. Туманда 284 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан 7 минг 200 гектар майдонда пахта етиштирилмоқда. Шартномавий режа 34 минг 470 тонна этиб белгиланган.

Шундан 3 минг 652 гектарида Хитойнинг “Xin Lu Zao-57” (“Хитой-57”), “XingluZao-72”, “Hongtai-6636” ва “Xin Lu Zhong-52” навлари “Шинжон” усулида парваришланган. Қолган майдонларда ҳам хорижий навлар қўшқатор усулида етиштирилган.
Эндиги вазифа даладаги суръатни пасайтирмаслик. Мавсумда етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда йиғиб олиш учун туманда 30 та пахта териш машинаси, 269 та пахта ташиш техникаси ва 10 та махсус юклагич ишга жалб этилган.

“Сориев Жўрабек” фермер хўжалигидаги терим ҳам ана шу катта жараённинг бир қисми. Машиналардан бири қаторларни ортда қолдириб бораётган бир пайтда даладаги бошқа техника ҳосилни ташишга шай. Демак, бу ерда теримнинг ҳар бир дақиқаси кейинги жараён – пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш билан узвий боғланган.
Туманда етиштирилган пахта хомашёсини қабул қилиш учун бир пахта қабул қилиш заводи ва учта пахта қабул қилиш маскани фаолият кўрсатиши белгиланган.

Қўшқатор усулининг ҳақиқий баҳоси ҳам айнан шу ерда – далада, терим пайтида билинмоқда. Фермер кутаётган энг муҳим рақам – ҳар гектардан олинадиган якуний ҳосил. “Оқ олтин”нинг салмоғи эса даладаги меҳнатнинг энг холис мезони бўлиб қолаверади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири (+видео)