Арнасойда пахта терими қизғин
Жиззах воҳасининг Арнасой тумани далаларида кузнинг ҳар бир куни ҳосил тақдирига дахлдор. Пахтазорларда пишиб етилган “оқ олтин”ни қисқа муддатда, сифатли ва нобудгарчиликсиз йиғиб олиш учун даладаги ҳаракат тобора жадаллашмоқда. Бу йилги терим замонавий агротехнология ва техника имкониятларининг амалий натижасини ҳам намоён этмоқда.
2026 йилда Арнасой туманида 284 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан 7200 гектар майдонга пахта экиш режалаштирилиб, 34 минг 470 тонна шартномавий режа белгиланган. Шундан 3652 гектарига “Шинжон” усулида Хитойнинг Xin Lu Zao-57 (“Хитой-57”), XingluZao-72, Hongtai-6636 ва Xin Lu Zhong-52 навлари экилган. Бундан ташқари, 7200 гектар майдон тўлиқ хорижий нав қўшқатор усулида етиштирилди.
Ҳосилни қисқа муддатда йиғиб-териб олиш учун мавсумга 30 та пахта териш машинаси, 269 та пахта ташиш техникаси ҳамда 10 та махсус юклагич техникаси жалб этилган. Пахта хом ашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш учун туманда 1 та пахта қабул қилиш заводи ҳамда 3 та пахта қабул қилиш маскани фаолият кўрсатмоқда.
Далада асосий эътибор техника ва транспорт воситаларининг узлуксиз ҳаракати, пахтани қабул масканларига ўз вақтида етказиш, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлиги, тиббий хизмат ҳамда диспетчерлик назоратига қаратилган.
Арнасой тумани ҳокими Одил Мусановнинг таъкидлашича, жорий мавсумда пахтачиликда анъанавий ёндашувдан воз кечилиб, янги усуллар кенг жорий этилмоқда.
– Бугун Арнасой туманида 7200 гектар жойга жиззахча қўшқатор усулида пахта экилган. Вилоятимиз ҳокими: “Ҳар йили анъаналардан қочайлик-да, бир янгилик киритайлик пахтачилик соҳасига”, деди. Шу сабабли туманимизда тўлиқ қўшқатор 76 схемага ўтилди, — дейди Одил Мусанов.
Сув тежовчи технологияларга ҳам алоҳида урғу берилган. 7200 гектарнинг 4 минг гектарига яқин майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий этилган.
– Пахта майдонларимиз теримга тайёр. Фермерларимизнинг ҳам кайфияти яхши. Жорий мавсум учун фермерларимиз 56 миллиард сўм имтиёзли кредит олди. Ҳисоб-китоб қилдик, туманимизда бу йил 200 миллиардга яқин даромад фермерларда тўлиқ қоляпти, – давом этади туман ҳокими.
[gallery-31570]
Арнасойда Жиззах усулидаги томчилатиб суғориш технологиясининг яна бир муҳим жиҳати – пахтани плёнкасиз, очиқ майдонда етиштириш имкони. Ҳокимнинг қайд этишича, бу усул “Шинжон” усулидан шу жиҳати билан фарқ қилади.
– Шинжон усулида плёнка билан экилади, Жиззах усулида эса очиқ майдонга, плёнкасиз экиляпти. Бугунги кунда хитойлик ҳамкорларимиз ҳам бу усулнинг ерни плёнка қолдиқлари билан ифлос қилмаслиги, ундан узоқ муддат самарали фойдаланиш имкони ва ҳосилдорлигини алоҳида эътироф этяпти. Ҳосилдорлик ҳам томчилатиб, плёнка усулида экиш ва Шинжон усулидаги натижаларга яқин, – дейди Одил Мусанов.
Натижа рақамларда ҳам кўринади. Уч-тўрт йил аввал туманда ўртача ҳосилдорлик 10–11 центнер атрофида бўлган бўлса, ўтган йили 40 центнерга яқинлашган. Жорий мавсумда эса ўртача ҳосилдорликни 50 центнерга етказиш кўзда тутилмоқда.
Туманда хорижий инвестиция иштирокида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни қайта ўзлаштиришга ҳам эътибор кучайган. “Boshiran” компанияси қарийб 3 минг гектар ерни ўзлаштириб, қишлоқ хўжалиги оборотига қайтарди.
– Ҳозир сиз билан кўриб турган даламиздан ўтган йили ҳам умуман ҳеч нарса олинмаган. Қарийб охирги 10 йилда бу ерлардан даромад кўрилмаган. Ундан олдин ҳам сув бир келиб,бир келмаслиги ҳисобига олинган кредитлар ҳам ўзини оқламаган, – дейди туман ҳокими.
Бугун эса ана шу майдонларда пахта терими қизғин. “Boshiran” компанияси иш бошқарувчиси Сайдазим Қўқоновнинг айтишича, компания Арнасойда апрель ойида 2500 гектар ерга чигит қадаган.
– Мана, бугун пахталаримиз пишиб етилди. Бу пахта энг замонавий усулда – Синьцзян усулида, томчилатиб суғориш ва плёнка остида экилган эди. Ёғин-сочинга қолдирмасдан терим ишлари олиб бориляпти. “Boshiran” компаниясининг энг замонавий техникаси билан пахтани рулон қилиб териш йўлга қўйилди. Рулоннинг намлиги, ифлослиги ва килограммигача аниқ айтилиб, ёнига муҳр босиб кетиляпти, – дейди Сайдазим Қўқонов.
Компания майдонларида айрим жойларда гектаридан 80, 85 ва 90 центнердан юқори ҳосил олинмоқда.
– Худо хоҳласа, 10-15 кун ичида теримни якунлашга техника ва имкониятларимиз етарли, – дейди компания иш бошқарувчиси.
– Бу ерлар илгари сув етмаган, йиллар давомида фойдаланилмай ётган майдонлар эди. Бу йил биринчи марта фойдаланиб, сув тежовчи технологиялар ўрнатилгани эвазига мана шундай юқори ҳосил олмоқдамиз, – дейди Сайдазим Қўқонов.
Эндиликда “Boshiran”нинг режалари ҳосилни йиғиш билан чекланмайди. 2026-2028 йилларга мўлжалланган лойиҳалар доирасида томчилатиб суғориш ускуналари ва эҳтиёт қисмларини Арнасойнинг ўзида ишлаб чиқариш, шунингдек, пахтани қайта ишлаб, ип-калавагача етказадиган замон талабидаги завод қуриш йўлга қўйилмоқда.
Теримнинг механизациялашган усулда ташкил этилаётгани фермер учун вақт ва харажат нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Арнасойда бу йилги пахта мавсумининг яна бир муҳим жиҳати – кредит мажбуриятларининг бажарилиши. Туман имтиёзли кредитларни республикада энг олдинги қаторда ёпган. Жиззах вилоятида ҳам ғалла имтиёзли кредитидан бир сўм қарздорлик қолмаган.
– Бу, албатта, қишлоқ хўжалигимизда даромад юқорилигидан. Ғаллачиликда ҳам худди шундай бўлди. Пахтачиликда фермерлар ҳаммасини таҳлил қилиб кўрди. Худо хоҳласа, бу йил Арнасой туманида пахтадан ҳам бир сўм имтиёзли кредит қолмайди. Умуман, 200 миллиард сўмлик қўшимча даромад фермер хўжаликларимиз ҳисобида қоляпти, – дейди Одил Мусанов.
Даладаги бугунги ҳаракатлар ортида бир неча йиллик меҳнат, янги технология ва иқтисодий ёндашув мужассам. Замонавий терим машиналари пахтани рўлон-рўлон йиғиб бораётган бўлса, қабул масканларида хомашёни сифатли қабул қилиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган.
Асосий мақсад – 34 минг 470 тонна шартномавий режани ўз вақтида бажариш, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ва қабул масканларига сифатли етказиб бериш.
Арнасой далаларида терим қизғин. Оқ олтинни тез ва сифатли йиғиб олиш билан бирга, йиллар давомида сувсиз ва ишлатилмай ётган майдонларни яна даромад манбаига айлантириш тажрибаси ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари